Ўзбекистонда мухолифат йўқ эмас, бор – Танзила Норбоева
Жамият
−
29 Июнь 2022
14312Ўзбекистонда мухолифат йўқ эмас, бор. Ҳамма жойда бўлаётган танқид ҳам, халқнинг ўзи ҳам мухолифат бўлиши мумкин. Бироқ мамлакатда мухолифат институционал равишда ташкил топиши учун вақт керак. Бу фикрни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева АҚШга ташрифи чоғида мамлакатнинг “Америка овози” нашрига берган интервьюсида билдирди.
Суҳбат чоғида журналист Навбаҳор Имомова инвесторлар Ўзбекистонда ислоҳотлардан кўра уларнинг ташвиқотларига эътибор кўпроқ, жараёнларга эътибор ҳали ҳам паст деган баҳоларни беришини қайд этди. Халқаро ташкилотлар, айниқса, рейтинглар чиқарадиган ташкилотлар, ҳатто Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Ўзбекистон билан яқиндан ишлайдиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда сиёсий рақобат, сиёсий майдон ва парламентда мухолифат йўқлигини акс эттиришини билдирди. У Сенат раисидан нима учун ҳалигача Ўзбекистонда “реал” мухолифат йўқ деган саволга қандай жавоб бериши мумкинлигини сўради.
“Мухолифат нимага йўқ? Мана бор-ку, ҳамма жойда танқид бўляпти-ку. Лекин, бу алоҳида институционал равишда ташкил топиши вақт нуқтаи назаридан менимча, ўзининг вақтини топса керак. Ҳозир фикр эркинлиги [бор]. Мана, интернетда ҳар куни ўзингиз ҳам кузатасиз, парламентга ҳам, раҳбариятга ҳам, ҳукуматга ҳам ва ҳоказоларга ҳам жудаям кескин фикр билдирилади. Мана шуни ўзи ҳам мухолифат эмасми? Халқнинг ўзи ҳам мухолифат бўлиши мумкин, тўғрими?!”, дея жавоб берди Танзила Норбоева.
Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай ривожланган давлатда, ҳатто, ҳамма тўқ ва энг ривожланган давлатларда ҳам халқ орасида норозилик бўлиб туради.
“Бу нормал ҳолат деб ҳисоблайман”, дейди Сенат раиси.
Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, ҳозирда юқори идоралар вакиллари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга жавоб бериш учун “пастга” тушган.
“Ҳозир “тепа” “паст”га тушган. Мана ҳозир ОАВда кузатсангиз, ҳар бир вазир, Олий суд раиси, Бош прокурор бўладими, вазир бўладими, улар пастга тушган. Аҳоли ўртасида “тепа”, “паст” деган тушунчалар бўлмаслиги учун Президент Мирзиёев барча амалдорларни “пастга” туширган. Ҳамма “паст”да ишласин деяпти”, дейди у.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь