Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларга оид мобиль илова ишга туширилади

Саломатлик 6756
image

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморнинг ким билан мулоқот қилганини кўрсатувчи мобиль илова ишга туширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Бугун, 12 июнь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Ўзбекистонда Кореянинг етакчи тиббиёт университетининг филиалини очиш, тиббиёт кластерини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилинган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда COVID-19 га қарши мобиль илова ишлаб чиқилади ва трекинг усули жорий этилади. Ушбу йўл билан коронавирусга чалинган беморни ким билан мулоқот қилган ва қайси ҳудудларда бўлганлиги аниқланади. Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда худди шундай мобиль иловадан фойдаланилади.

Бундан ташқари, суҳбат давомида ҳамкорликда коронавирус инфекциясига қарши курашда тестлар ва дориларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама этилган. COVID-19 га қарши вакцинани биргаликда клиник синовларини ўтказиш тўғрисида ҳам келишувга эришилган.

Маълумот ўрнида,  Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига эга. Бундан ташқари, у Тошкент тиббиёт академиясининг Фахрий профессори ҳисобланади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 4 819 нафар одам коронавирусга чалинди. Беморлардан 3 637 нафари шифо топган бўлса, 19 нафари вафот этди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 190
Рейтинг: 3
t
×