Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар 2100 нафардан ошди

Жамият 5715
image

Тошкент шаҳрида 33 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 14 май куни соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 12 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 21 нафар, жами 33 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди ва реабилитация кузатилди“, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 7 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 5 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 3 нафари Тожикистон Республикасидан, 2 нафари Қозоғистон Республикасидан ва яна 2 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Беморлардан 6 нафари эркак, 6 нафари аёл. Улар орасида энг кексаси 56 ёш бўлса, энг кичиги 13 ёшда.

Шунингдек, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 18 нафари хориждан келган, жумладан, 7 нафари Тожикистон Республикасидан, 3 нафари Қозоғистон Республикасидан ва 1 нафари Россиядан, шунингдек, яна 7 нафари Дубай-Тошкент чартер рейси орқали келиб, карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Тошкент вилоятидан 6 нафар, Наманган ва Самарқанд вилоятларидан 4 нафардан, Тошкент шаҳридан 3 нафар, Қашқадарё вилоятидан 2 нафар, Фарғона ва Андижон вилоятидан 1 нафар. Беморлардан 15 нафари эркак, 6 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 56 бўлса, энг ёши кичиги 2019 йил туғилган чақалоқ.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 635 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 668 нафарга етди. Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2110 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда коронавирус аниқланганлар сони 2620 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 11 нафари вафот этган. 

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 163
Рейтинг: 3.1
t
×