Ўзбекистонда коронавирус беморлари учун тайёрланган койкалар миқдори очиқланди

Жамият 8211
image

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишга мўлжалланган 120 та муассаса, уларда 21 минг кишилик ўринлар тайёрланди. Уларда 2 мингдан ортиқ реанимацион ўринлар мавжуд. Бундан ташқари, беморлар шифохоналарга етиб боргунга қадар уларнинг ҳолатини аниқлаш мақсадида саралаш ва тақсимлар марказлари ташкил этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев маълум қилди. 

“Касалланиш ҳолати ортиб бораётган вақтнинг ўзида, ёз ойларида тўртта саралаш марказлари ташкил этилган эди. Бунга нафақат Соғлиқни сақлаш тизимидаги, балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қошидаги тиббиёт муассасалари ҳам жалб қилинди. Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ДХХ ҳузуридаги госпитал ва улардаги тиббиёт салоҳияти асосида саралаш марказлари жамланди. Уларда ташкил этилган ўринлар 2400 тага етди. Бундай марказлар вилоятларда ҳам очилди. Ҳозирги кунда уларнинг сони 31 тага етган. Уларда қарийб 10 минг ўрин тайёрланган. Уларнинг барчаси кислород концентраторлари билан таъминланмоқда”. 

Мусаевга кўра, аввал ИВЛ жиҳозлари бармоқ билан санарли бўлиб, улар айрим тиббиёт муассасаларининг жонлаштириш ёки жарроҳлик бўлимларида бўлган, холос. Ўтган давр оралиғида эса 800 та ИВЛ жиҳозлари келтирилган. 1 500 га яқин сипап, 4 000 мингдан ортиқ кислород концентраторлари, 1 000 га кардиомонитор харид қилинган. 

Бош вазир ўринбосарининг қайд этишича, бугунги кунда республикаси коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги жонлантириш бўлимларининг барчаси деярли тўлиқ сифатли хизмат кўрсатишга шай ҳолатга келтирилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова Ўзбекистон пандемиянинг иккинчи тўлқинига тайёрлигини, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун 114 та муассасада 19 346 та ўрин ташкил этилгани, яна 10 мингга яқин қўшимча захира шифо ўринлари тайёрлаш ишлари олиб борилаётгинини маълум қилган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 171
Рейтинг: 2.9
t
×