Ўзбекистонда қайси вилоят абитуриентлари кўпроқ талаба бўлаётгани маълум қилинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ДТМ маълумотларига асосланиб қайси вилоят абитуриентлари кўпроқ талаба бўлаётгани ҳақидаги маълумотларни очиқлади. 

Унга кўра, умумий абитуриентлар сонидан талабаликка тавсия этилганларининг улуши Бухорода 20,1 фоизни, Навоийда 17 фоизни, Хоразмда 14,3 фоизни, Қорақалпоғистонда 13,6 фоизни, Тошкент шаҳрида 13,4 фоизни, Фарғонада 12,2 фоизни, Самарқандда 11,8 фоизни, Наманган вилоятида 11,6 фоизни, Қашқадарёда 11,3 фоизни, Тошкент вилоятида 10,2 фоизни, Сирдарёда 9,9 фоизни, Жиззахда 9,5 фоизни, Андижонда 8,2 фоизни, Сурхондарёда 7,8 фоизни ташкил этмоқда.  

Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу рейтингда Бухоро вилояти юқори ўринни эгаллаши сабабларига тўхталиб, шундай ёзди:

“Бухоро вилоятида ўқитувчига бўлган ўзига хос ҳурмат сақланиб қолингани туфайли бошқа вилоятларга нисбатан таълим сифатининг анча юқори эканини кўрса бўлади.

ДТМдан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили олий таълим муассасаларида ўқиш учун хужжат топширган абитуриентларнинг имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, ўқишга тавсия этилган улуши бўйича энг юқори кўрсатгичга эга вилоят бу Бухородир: 20%! Республика бўйича ўртача эса атиги 11%.

Шу ўринда, кўпчиликка маълум бўлган Қоракўл туманидаги математика бўйича машҳур мактаб (1-ИДУМИ) ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топдим. Мактаб ташқаридан оддийгина кўринса-да, у ўқувчилари эришган муваффақиятлари орқали алоҳида таҳсинга лойиқдир. Мактаб директори ва ўқитувчилари билан суҳбат давомида ушбу таълим маскани эришган муваффақиятларнинг бир қатор сабаблари аниқланди:

1) Ўз касбига фидойи бўлган устозлар. 


1-ИДУМИ асосчисининг шогирди ҳозир директор лавозимида ишласа-да, ўз устози ҳақида алоҳида эҳтиром билан сўзлаб берди. Умуман, бу даргоҳда ўқитувчига бўлган ҳурмат бошқа таълим муассасаларига қараганда ўзгача. Бухоро вилоятининг бошқа туманларидаги мактабларда ҳам устозларга бўлган эътибор сезиларли равишда юқори экани диққатимизни тортди. Оддий мисол: кўрган мактабларимизнинг деярли барчасида фаолият юритган устозлар ҳақида мактаб йўлакларида алоҳида стендлар жойлаштирилган ва уларни ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатилмоқда. Натижада, кўпчилик яхши ўқувчилар университетни битириб, ўзлари ўқитувчи бўлиб, айнан ўзлари битириб кетган мактабларига қайтмоқдалар. Бу эса ўз навбатида мактаблардаги сифатни бошқаларга нисбатан яхшироқ ушлашга имконият яратмоқда.

2) Танлов имтиҳонларининг ҳалол ўтказилиши натижасида энг кучли ўқувчиларни танланиши. 

Билимли ўқувчиларнинг танлаб олиниши натижасида бу ерда ўзига хос муҳит шаклланган. Яъни бу даргоҳда кучли ўқувчилар йиғилгани сабабли, уларни ўқишга мажбур қилишга ҳожат йўқ. Улар орасидаги ўзаро рақобат туфайли таълим сифати натижалари янада яхшиланиб бораверади.

3) Маҳаллий ҳокимият ёки ота-оналар ушбу мактабнинг қабул имтиҳонига аралашмасдан, балки ҳалол ўтказилишига ёрдам беришидир;

4) Ўқувчилар орасида қатъий тартиб интизом ва ўқитувчиларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши. 

Мисол учун, ўқувчилар мактаб ҳудудида оддий мобил телефонлардан фойдаланиши қатъиян тақиқланган. Бу қоида нафақат ўқувчилар, балки, ўқитувчилар учун ҳам дарс вақтида қатъий чекланган. Директор, ҳатто, баъзида атайлаб бошқа телефон рақамдан ўқитувчига телефон қилиб, дарс вақтида ўқитувчи телефондан фойдаланяптими йўқми текшириб кўраркан.

5) Директор томонидан аноним таклифлар учун қути ўрнатилган. Бундан ташқари, раҳбар ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг таклифларини тизимли равишда эшитиб борар экан. Бу эса мактаб фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш учун имконият яратади.

Ушбу мактаб салоҳиятини янада кучайтириш мақсадида Президентимиздан унинг негизида Халқаро математика мактаби тузиш бўйича ташаббус бўлди.

Бухоронинг таълимга бўлган эътиборининг кучли эканини инобатга олиб, Президентимиз томонидан Бирлашган Араб Амирликларидаги халқаро мактаблар тажрибасини ўрганиш ва яна бир шундай мактабни Бухорода ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ бўлди”, деб ёзади Шерматов.  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Шерматов

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг