Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олишга рухсат берилди
Жамият
−
21 Август 2021
4378Ўзбекистон ҳукумати “Jurabek Laboratories” компаниясида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC 2001 ва “Спутник V” вакциналарини давлат рўйхатидан ўтказишга розилик берди. Бу ҳақда Бош вазир Абдулла Арипов 20 август куни имзо чеккан Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Ҳужжатда “Jurabek Laboratories” компанияси “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” Хитой компанияси билан ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришгани қайд этилган. Дастлабки босқичда хитойлик ҳамкорлар вакцина субстанциясини етказиб бериш масаласини кўриб чиқаётгани айтилган.
Бундан ташқари, “Jurabek Laboratories” Россия компанияси билан “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича келишувга ҳам эришган. Унинг ҳам дастлабки босқичда субстанцияси Россия томонидан етказиб берилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи Ўзбекистонда Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг биринчи партияси ишлаб чиқарилди.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистонда фойдаланиш учун сертификатланган “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш тўғрисида Россия ва Ўзбекистон расмийлари май ойида келишиб олганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни Россия Президенти Владимир Путин билан бўлган суҳбатда ҳам ушбу мавзу тилга олинган.
Қайд этиш керакки, Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ шаҳрида бўлганида “Jurabek laboratories” қўшма корхонасига ҳам ташриф буюрган эди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунга келиб, “Спутник V” вакцинаси умумий аҳолиси 3,7 миллиарддан ортиқ бўлган 69 мамлакатда рўйхатга олинган.
LiveБарчаси