Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган баъзи гугуртлар ҳам сифатсиз бўлиб чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бешта гугурт ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари сифатсиз эканлигини аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, корхоналар гугурт чўпларини қутига меъёридан кам миқдорда жойлаштириб келган ва шу орқали истеъмолчиларга жами 65 миллиондан ортиқ ортиқча маблағ ундириб олган.

“Гугурт маҳсулотлари ГОСТ 1820-2001 стандарти талаблари бўйича 4 (2/3) форматдаги гугуртларнинг алоҳида қутиларида энг кўп тўлдирилиши 40 дан 60 донани ташкил этиши, энг кам тўлдирилиши 37 дан 52 донагача бўлиши лозим. Аммо “JEEP” номли гугурт қутисида ҳар икки ҳолатда ҳам минимал гугурт чўпи тўлдирилиши сони 11-17 донага камлиги аниқланган.

Қўмита томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан олиб борилган ўрганишларда “Up Match” МЧЖ 2024 йил 22-29 апрель кунлари 1500 гофра, яъни 1 500 096 қути миқдорида 150 000 000 сўмлик стандарт талабларига номувофиқ бўлган гугурт маҳсулотларни сотувга чиқаргани маълум бўлди. Бу ҳолат таҳлил қилинганда ҳар бир истеъмолчи чакана савдо объекти орқали 10 қутидан гугуртни харид қилган тақдирда  жами 150 мингта истеъмолчи сотиб олган ҳисобланади”, деган қўмита.

Таҳлил натижаларига кўра, 29,8 фоиз кам тўлдирилган гугурт маҳсулотлари сотилиши натижасида истеъмолчилардан 44 700 000 сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.

“Шунингдек, “АТЛАС-ИНВЕСТ” МЧЖ 2024 йил февраль-март ойларида жами 605 гофра миқдорида 66 500 000 сўмлик стандарт талабларига номувофиқ бўлган гугурт маҳсулотларни сотувга чиқаргани маълум бўлди. Таҳлил натижаларига кўра, кам тўлдирилган гугурт маҳсулотлари сотилиши натижасида истеъмолчилардан 20 493 000 сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан сифатсиз гугурт маҳсулотларини савдо расталаридан олиш чораларини кўриш ва ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича “Up Match” МЧЖ ва “АТЛАС-ИНВЕСТ” МЧЖларга қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган ва жамиятлар томонидан кўрсатма талаблари бажарилган”, дейилган хабарда.

Бундан ташқари, “AVION”, “ФЭСКО” ва “VICTORY” савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотлари хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилгани аниқланган ва уларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон дўконларида сотилаётган 8 та озиқ-овқат маҳсулотининг лаборатория синовлари амалдаги ҳужжатларга номувофиқ деб топилганди.  

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон гугурт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг