Ўзбекистонда инновацион университет ташкил қилиш таклиф қилинди
Жамият
−
14 Апрель 2020
4963“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига “Ўзбекистон илғор технологиялар инновацион университети”ни ташкил этиш ҳақида”ги петиция жойлаштирилди.
Мурожаатда белгиланишича, бугунги кунда рақамли технологиялар, сунъий интеллект, биотехнология, илғор техник ишланмалар ва материаллар инсоният келажаги эканлиги ҳаммага маълум. Лекин бундай технологиялар саноқли давлатлардагина ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистон эса техник тузилмаларни асосан импорт қилади. Бунинг учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланади.
“Биргина тиббиёт соҳасини олсак, оддий гемоглобин миқдорини аниқлаш учун ишлатиладиган аппаратлар минглаб доллар туради. Aгар буларни ўзимиз ишлаб чиқарсак ва экспорт қилсак, бюджетга катта фойда қиламиз. Ўн минглаб ишчи ўринлари яратилади”, дейилади петицияда.
Шуларни ҳисобга олиб, “Ўзбекистон илғор технологиялар инновацион университети”ни ташкил этишни, унда сунъий онг, маиший технологиялар, автотехнологиялар, тиббий технологиялар, ҳарбий технологиялар, роботатехнологиялар, биотехнологиялар, материаллар технологияси ва уларга дастурий таъминот ишлаб чиқувчи факультетларини ташкил қилишни ҳамда уларга хориждаги етук олимларини жалб қилиш таклиф қилинган.