Ўзбекистонда илк бор велоспорт бўйича Осиё чемпионати ўтказилади
Спорт
−
16 Апрель 2019
3874Жорий йилнинг 22-28 апрель кунлари Ўзбекистонда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Қайд этилишича, велосипед спортининг шоссе йўналиши бўйича катталар, ўсмирлар ва паралимпиячилар ўртасида Осиё чемпионати Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақа эркак ва аёл спортчилар учун 2020 йил Токио (Япония) шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма (лицензия) олиш имконини беради.
Осиё чемпионатида Хитой, БАА, Филиппин, Япония, Таиланд, Жанубий Корея, Вьетнам, Ҳиндистон, Гонгконг, Мўғулистон, Иордания, Эрон, Саудия Арабистони, Яман, Малайзия, Ливан каби 36 давлатдан 520 нафар спортчи иштирок этиши режалаштирилган.
Мусобақа муносабати билан Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) президенти Давид Лапартьен ва Осиё Велоспорт Конфедерацияси (АСС) президенти Осама Аҳмад Ал-Шафар раҳбарлигидаги нуфузли делегациялар ташрифи кутилмоқда.
Чемпионат тадбирлари доирасида, аниқроғи 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Осиё велосипед спорти конфедерациясининг навбатдаги Конгресси ҳам ўтказилади.
Пойгалар дастлаб тўрт кун давомида Ғазалкент шаҳри ҳудудида кечади, сўнгги икки кун Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонаси ёнидан старт олади. Марра чизиғи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Билдирсой” дам олиш оромгоҳи яқинида ва Сижжак қишлоғи ҳудудида белгиланади. Мусобақа жараёнларини вертолётлар ёрдамида тасвирга олиб, эфирга узатиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт, хусусан велосипед спортини янада оммалаштириш ва ривожлантириш, миллий терма жамоа захирасини шакллантириш учун катта аҳамиятга эга.
LiveБарчаси