Ўзбекистонда газ “заправка”лар бугундан тўлиқ ишга тушиши ростми?
Жамият
−
10 Февраль
9619Аввалроқ, Ўзбекистондаги газ “заправка”лар фаолиятига айрим чекловлар киритилганди. Эндиликда ижтимоий тармоқларда мамлакатдаги ҳаво ҳарорати илий бошлаши фонида “заправка”лар бугундан бошлаб тўлиқ ишлай бошлаши ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев билан боғланди.
Унга кўра, бир ҳафтадан буён Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах каби ҳудудларда газ қуйиш шохобчаларида бу борада муаммо кузатилаётгани йўқ.
"Қишнинг совуқ кунларида газ босими анча пасайиб кетгани туфайли бир неча кун давомида метан заправкаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган тарзда, улар тарафидан ҳудуднинг имкониятидан келиб чиқиб тузилган режа-график асосида олиб борилди. Табиий газ шу кунларда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иситишга йўналтирилди.
Метан заправкаларда эса ҳар бир ҳудуднинг ўзидан келиб чиқиб, режа-график тузилган. Уни юритиш ваколати ҳудуд маъмуриятларига берилган. Масъуллар мавжуд газ захирасини аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига ҳамда метан заправкаларга тақсимлашади.
Қишнинг совуқ пайтида куннинг тиғиз вақтида ҳар бир ҳудуд ўзидаги вазиятдан келиб чиқиб, чекловларни юмшатиб борди ёки кучайтирди.
Мазкур жараён айни кунларда қайсидир туманларда давом этаётган бўлиши мумкин. Лекин бизнинг прогнозларга кўра, метан заправкалардаги вазият 10-11 февраль кунларидан ўнгланиши ва чекловлар юмшатилиши, аксарият ҳудудларда эса олиб ташланиши кутилаётган эди", дейди Тошхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 8 декабрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш соатларига чекловлар ўрнатилганди. Энергетика вазирлиги республикадаги барча метан “заправка”лари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлашини хабар қилганди. Орадан кўп ўтмай, 12 декабрдан мамлакатга совуқ об-ҳаво массаси кириб келгани сабабли автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари фақат соат 06:00 дан 12:00 гача ишлай бошлади. 13 декабрь куни эса Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги “метан заправка”лар фаолиятига қўшимча чекловлар киритилди. Ушбу ҳудудлардаги 1179 та “заправка”дан 547 таси ишлаётгани маълум қилинди. Орадан икки кун ўтиб, 15 декабрда қўшимча чекловлар юмшатилди. Ижтимоий тармоқларда ҳам Ўзбекистонда газ “заправка”лар 24 соатлик иш режимига қайтаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси