Ўзбекистонда Facebook, Telegram ва Instagram блоклангани бўйича суриштирув ўтказилади

Жамият 4617
image

Ўзбекистонда Youtube, Facebook, Telegram, Instagram ҳамда Мой Мир, Одноклассники, Linkedln каби ижтимоий тармоқларнинг блокланиши бўйича суриштирув олиб борилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

“Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади”, деган Асадов.

Унинг таъкидлашича, суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 3 ноябрь куни соат 19:30 лар атрофида Ўзбекистонда “Мой Мир”, “Одноклассники”, “Youtube”, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ва “Linkedn” каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар фаолиятида узилишлар кузатила бошланди. Кейинроқ Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ушбу платформаларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритгани маълум бўлди.

Орадан кўп ўтмай, ушбу тармоқлар фаолиятига қўйилган чеклов расман бекор қилинди. Чекловни ўрнатган ташкилот Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбари Ғолибшер Мелибоевич Зияев Бош вазир қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бераётган “Twitter”, “TikTok” “WeChat” “Skype” “ВКонтакте” каби ижтимоий тармоқлар ҳамон блокда қолмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 177
Рейтинг: 2.9
t
×