Ўзбекистонда энг юқори инфляция пойтахт Тошкентда бўляпти

Жамият

image

2020 йилнинг январь – октябрь ойларида энг юқори инфляция пойтахт Тошкентда кузатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълум қилмоқда. 

Таъкидланишича, жорий йилнинг январь – октябрь ойларида республика бўйича инфляция
даражаси 7,8 фоизни ташкил этган. 

Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши (10 фоиз) умумий инфляция даражасидан юқори, ноозиқ-овқат товарлари (6,9 фоиз) ва ихизматлар нархлари ўзгариши (5,2 фоиз) эса паст даражада шаклланган. 

Жорий йилнинг ўтган 10 ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори ошишига карантин шароитида бирламчи истеъмол товарларига бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши ҳамда сентябрь-октябрь ойларида айрим товарлар нархларига таклиф омиллари таъсири билан изоҳланади. Бунда, октябрь ойи давомида тухум (17,7 фоизга), ўсимлик ёғи (11,2 фоизга), пахта ёғи (13,6 фоизга), шакар (9,8 фоизга) ҳамда сабзавот маҳсулотлари нархларида мавсумий (5,8 фоизга) юқори ўсиш кузатилган.

Йилнинг январь-октябрь ойларида, Тошкент шаҳрида нархлар ўртача 10,9 фоизга, Тошкент вилоятида 8,2 фоизга, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида мос равишда 8,1 ва 8 фоизга ошиб, республика умумий кўрсаткичидан юқори шаклланган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида инфляция республика кўрсаткичидан пастроқ даражада шаклланган. 

Жорий йил октябрь ойида истеъмол нархлари юқори инфляцион босим шароитида шаклланиб, ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ошди. Нархларнинг ошишига, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сентябрь ойига нисбатан 2,3 фоизга қимматлашиши сабаб бўлган. 

Умуман олганда, октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,5 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига (16,3 фоиз) нисбатан 4,8 фоиз бандга секинлашган. Йиллик инфляция даражасининг пасайиши, асосан, 2019 йилнинг август ойидаги тартибга солинадиган нархлар оширилиши таъсирларининг тугаб бориши билан изоҳланади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

инфляция

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг