Ўзбекистонда электрон сигареталарга тақиқ қўйилиши мумкин

Жамият

image

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимларини олиб киришни, шунингдек, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси расмий порталда муҳокамага қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2021-2023 йилларда Ўзбекистонга 28,5 миллион долларлик 5,4 миллион дона электрон сигарет қонуний йўл билан олиб кирилган бўлса, яна 11,8 миллиард сўмлик товарни ноқонуний равишда киритишга уриниш бўлган.

Мониторинг шуни кўрсатдики, ўсмирлар ва ёшлар катталарга қараганда электрон сигаретлардан уч баравар кўпроқ фойдаланади. Мактаб ўқувчилари – 26,6 минг ўғил бола ва 8,6 минг қиз бола чекишга мойил. Чора кўрилмаса, келажакда ҳар бешинчи (20 фоиз) ўзбекистонлик ёш никотинга ружу қўйишдан азият чекади.

Қонун лойиҳасида республика ҳудудида электрон сигареталар ва бошқа тамакини қиздириш тизимларини айланишини тақиқлаш назарда тутилган. Жазо сифатида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шунингдек, электрон сигареталар ва чилимларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,  базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар кўп миқдорда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Лойиҳа муҳокамаси 18 апрелга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Қозоғистон парламенти хориждан электрон сигарета(вейп)лар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тўлиқ тақиқловчи қонунни қабул қилганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг