Ўзбекистонда электромобилларни тез зарядлаш тизими ишлаб чиқилмоқда
Технология
−
23 Февраль 2022
9494Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш доирасида қатор инновацион лойиҳалар, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмаларни яратиш ва ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтига Хитойнинг “Henan Suda Electric Vehicle Technology Co., Ltd.” компаниясининг техник кўмагида 20 дона электромобиль ажратилган бўлиб, улар асосида илмий тадқиқот таҳлиллари олиб борилади.
"Ҳозирда, институт ҳудудида умумий қуввати 48 кВт соатга тенг қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилган бўлиб, улар асосида ишлаб чиқарилган электр энергияси институтни электр энергияси билан узлуксиз таъминламоқда.
Институт олимлари томонидан бир қатор тижоратлаштириш илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилган", дейилади вазирлик хабарида.
Биринчиси: Қуёш технологияларини қўллаган ҳолда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмаларини яратиш ва ишлаб чиқиш лойиҳаси.
Бунда Ўзбекистон иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга бўлган қуёш фотоэлектр тизими орқали маҳаллий электр тармоғи билан параллел ҳолда ишлайдиган электромобилларни тез зарядлаш қурилмаси ишлаб чиқилмоқда ва барча ҳудудларда жорий этилади.
Бунинг натижасида, республикада ўрнатилган ҳар бир тизим йилига 32 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 950 та электромобилларни зарядлаш имконияти яратилади ҳамда 11,2 минг куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 19,8 тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Иккинчиси: Марказий электр тармоқларига қуёш фотоэлектр тизимларини жорий этишни амалга ошириш йўналишлари ва техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, ҳамда тайёрлаш лойиҳаси.
Лойиҳа республика ҳудудларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда фотоэлектр тизимларни умумий электр тармоғига ишончли улаш бўйича аниқ ечимлар, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва уларнинг хавфсиз ишлаш мезонларини яратишни назарда тутади.
Фотоэлектр тизимлар умумий электр тармоғига уланган иқтисодиётнинг барча соҳалари объектларида, аҳоли яшаш жойларида, хусусий ва давлат корхоналари объектларида қўлланилади.
Афзалликлари шундаки, фотоэлектр ишлаб чиқарган электр энергияси электр тармоққа минимал йўқотишлар билан узатилади. Ҳудудлар иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда фотоэлектр тизимларни тармоққа улаш ва тариф механизмлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Учинчиси: Қуёш радиацияси, шамол тезлиги ва йўналиши, ҳаво ҳарорати, ёғингарчилик миқдорини ўлчаб бориш метеостанцияларини кичик ҳажмларда ишлаб чиқариш лойиҳаси.
Лойиҳа “Ўзгидромет”, Энергетика вазирлиги, Олий таълим, саноат корхоналари, ва тадбиркорлар, фермер хўжаликларида қўлланилади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15