UzAutoMotors BYD электромобилларининг Ўзбекистонга киришини чеклаши мумкин
Жамият
−
19 Март
24285Ўзбекистон ҳукуматига BYD Uzbekistan Factory компанияси томонидан электромобилларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани важи билан тартибсиз импортни чеклаш бўйича мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида маълум қилинди.
Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳамда “Ўзавтосаноат” компаниясига жорий йилнинг 1 июлига қадар Вазирлар Маҳкамасига BYD бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллари импортини тартибга солиш бўйича таклифлар киритиш топширилган.
Бунда масъуллар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти принципларидан келиб чиқиб таклифларни тайёрлаши керак.
Шунингдек, қарорда электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қуввати босқичма-босқич йилига 500 минг донагача оширилиши белгиланган.
Қарорга кўра, инвестиция шартномасига қуйидаги масалаларни қўшиш бўйича инвестор билан музокаралар олиб борилади:
- Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич йилига 500 минг донагача ошириш;
- Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида ишлаб чиқариладиган электромобиль ва гибрид автомобилларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизгача етказиш;
- маҳаллий аҳоли учун 10 000 та янги иш ўринларини яратиш;
- ишлаб чиқарилган электромобиль ва гибрид автомобилларни Қўшма корхона томонидан белгиланган экспорт давлатларидан ташқари доимий равишда экспорт қилинадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш;
- сифатли ва хавфсиз электромобиль ва гибрид автомобилларни харид қилиш, уларнинг маҳаллий иқлим шароитларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда кафолатли сервис хизматини кўрсатиш бўйича истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш;
- барча автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарга, шу жумладан Инвесторга, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларни беришда тенг шартлар ва шароитларни яратиш.
LiveБарчаси