Ўзбекистонда бойлар учун алоҳида солиқ тизими жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда яхши даромадга эга фуқароларни солиққа тортишнинг алоҳида тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда кеча, 1 апрель куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Унинг қайд этишича, ҳозирда солиққа тортиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

“Уларни сегментлаш орқали энг юқори даромадга эга бўлган жисмоний шахслар учун солиқларни тўлаш ва ундириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Уларнинг тўлиқ базаси яратилиб, бу орқали биронта жисмоний шахс ўз даромадини солиқдан қочиш мақсадида камайтириш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайдиган тизим бўлади”, деган Мубин Мирзаев.

Шу билан биргаликда, Мирзаев янги электрон тизимни ишлаб чиқиш учун қўмитага тахминан яна бир йил керак бўлишини қайд этган. Режалаштирилган тизим нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда олинган даромадларни ҳам солиққа тортишни назарда тутади.

“Агар Ўзбекистон резиденти чет элда даромад олса, мамлакатда солиқ тўлаши керак бўлади. Норезидентлар билан боғлиқ ҳолатда Солиқ қўмитаси икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш учун чет элда солиқ тўлашни ҳисобга олади”, деган Мирзаев.

Маълум қилинишича, мамлакатда 38 млн нафар аҳоли бўлса, шундан 18 млн нафардан ортиғи даромадга эга ҳамда улар солиқ тўлаши керак бўлган аҳоли ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2027 йилдан бошлаб санъаткорлардан даромад солиғи мажбурий тарзда ундирилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ бой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг