Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импорти монополлаштирилганми?
Жамият
−
17 Декабрь 2020
7829Охирги пайтда ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат, шу жумладан шакар, ўсимлик мойи, мандарин маҳсулотларининг нархлари кескин ошиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Бунда ушбу бозорларда фақат чекланган айрим тадбиркорлар монополлашган ҳолда фаолият юритаётгани айтилмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди ва ташкилот томонидан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларинг товар-хомашё биржаларидаги ҳамда бозорлар ва йирик савдо комплексларидаги нархларнинг доимий мониторинги йўлга қўйилганини маълум қилди.
Таъкидланишича, импорт асосида келтириладиган маҳсулотлар ҳажми ва корхоналар сони, яъни соғлом рақобат асосида келтирилиши юзасидан қаттиқ назорат ўрнатилган. Масалан, шакар маҳсулотини 2019 йилда 84 та тадбиркор 167 минг тонна, 2020 йилда 87 та тадбиркор 334 минг тонна Россия, Украина, Беларусь, Грузия, Қирғизистон, Қозоғистон, Литва, Озарбайжон, Покистон, Польша, Ҳиндистон, Чехия ва Эрон каби давлатлардан импорт қилган.
Ўсимлик мойини 2019 йилда 118 та тадбиркор 222 минг тонна, 2020 йил 102 та тадбиркор 223 минг тонна Грузия, Қозоғистон, Россия, Украина, Италия, Нидерландия, Туркия, Швеция каби давлатлардан импорт қилган.
Жорий йилда мандарин мевасини 58 та тадбиркор томонидан 24 минг тоннадан ортиқ импорт қилган бўлса, ўтган йили 85 та тадбиркор 33 минг тонна Покистон, Хитой, Туркия, Миср, Эрон, Жанубий Африка, Марокаш, Эквадор, Россия, Қозоғистон, Грузия, Аргентина, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан импорт қилган.
“Шунинг ўзи кўрсатиб турибдики, юқоридаги маҳсулотлар импортида тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат шароити яратилган. Бунда, охирги 2 йилда Қўмитага озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда тўсиқлар ва қийинчиликлар ҳақида шикоят ва мурожаатлар келиб тушмаган.
Шу муносабат билан, тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳсулот импорти жараёнида турли хил тўсиқларга (жумладан, давлат органлари ва бошқа субъектлар томонидан) дуч келиш ҳолатлари бўлса, Қўмитага мурожаат қилишлари сўралади”, дейилади қўмита хабарида.
МҚКҚнинг қўшимча қилишича, мандарин нархи қимматлиги бўйича Қўмита томонидан алоҳида ўрганиш ўтказилмоқда.