Ўзбекистон газ импортини ҳам, экспортини ҳам оширди
Жамият
−
26 Сентябрь
3826Ўзбекистонда газ импорти йил бошидан буён 5,7 баробарга ошди. Шу билан бирга, уни экспорт қилиш ҳам 7,4 фоизга кўпайиб, 404 миллион долларни ташкил қилди. Бу бўйича маълумот Статистика агентлигининг ташқи савдо айланмаси бўйича ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, январь-август ойларида Ўзбекистон импорт қилган газ қиймати 1,15 миллиард долларни ташкил этган. Ўтган 2023 йилнинг жорий даврида бу кўрсаткич 201,8 миллион доллар бўлган, яъни 2024 йилда газ импорти 5,7 баробарга ошган. Мос равишда Ўзбекистоннинг газ импорти асоси Россия ва Туркманистон бўлиб, улар мамлакатга ойига ўртача 168,3 миллион долларлик газ етказиб берган.
Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистоннинг газ экспорти ҳам ўтган 2023 йилнинг мос даврига нисбатан кўпайган ва 404,8 миллион долларга етган. 2023 йилда мазкур кўрсаткич 377,9 миллион доллар бўлиб, бу йил учун эълон қилинган ҳисоботдагидан 7,1 фоизга камроқ қиймат ташкил қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан Россиядан Қозоғистон орқали газ сотиб олмоқда. Масъуллар ҳозиргача газнинг импорт нархи ҳақида маълумот бермай келмоқда. 2024 йил февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати Россия Федерациясидан газ импортини 3,5 баробарга, яъни 9 миллиондан 32 миллион куб метрга ошириш мақсадида республика магистраль газ тизимини модернизация қилмоқчилиги хабар қилинган.
Мамлакатда газ импорти ўсаётганига қарамай, газ экспорти тўхтатилмаган. Июль ойида 91,7 миллион долларлик газ экспорти амалга оширилган. Бу 2023 йилнинг июлига нисбатан 1,3 баробарга кўп. Яъни ўтган йилнинг июль ойида 63,9 миллион долларлик газ экспорт қилинган.
2024 йил январь-июль ойларида республика жами 323,1 миллион долларлик газ экспортини амалга оширган. 2023 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 341,9 миллион долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг январь-август ойларида Россиянинг “Газпром” компанияси Марказий Осиёга газ экспортини икки баравар оширгани хабар қилинган эди.