Россия Марказий Осиёга газ етказиб беришни икки баравар оширди
Олам
−
30 Август
44572024 йилнинг январь-август ойларида Россиянинг “Газпром” компанияси Марказий Осиёга газ экспортини икки баравар оширди. Бу ҳақда концерн раиси Алексей Миллер шўба корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, компания газни Марказий Осиё – Марказ қувури орқали максимал даражада етказиб беради. Миллернинг аниқлик киритишича, 2023–2024 йилларда Ўзбекистонда аномал совуқлар қайд этилган қишда ҳам етказиб бериш ҳажми юқори бўлган.
“Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан жуда жадал ривожланмоқда. Бу эса биз учун янги имкониятлар эшигини очади”, деган Миллер.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан Россиядан Қозоғистон орқали газ сотиб олмоқда. Масъуллар ҳозиргача газнинг импорт нархи ҳақида маълумот бермай келмоқда. 2024 йил февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати Россия Федерациясидан газ импортини 3,5 баробарга, яъни 9 миллиондан 32 миллион куб метрга ошириш мақсадида республика магистраль газ тизимини модернизация қилмоқчилиги хабар қилинган.
Мамлакатда газ импорти ўсаётганига қарамай, газ экспорти тўхтатилмаган. Июль ойида 91,7 миллион долларлик газ экспорти амалга оширилган. Бу 2023 йилнинг июлига нисбатан 1,3 баробарга кўп. Яъни ўтган йилнинг июль ойида 63,9 миллион долларлик газ экспорт қилинган.
2024 йил январь-июль ойларида республика жами 323,1 миллион долларлик газ экспортини амалга оширган. 2023 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 341,9 миллион долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январь-июль ойларида Ўзбекистон хориждан 983,7 миллион долларлик табиий газ импорт қилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси