Ўзбекистонда амалдорлар учрашувларда ухлаб қолади – “Reuters”
Олам
−
01 Октябрь 2019
8671Сентябрь ойида Тошкентда ўтган халқаро конференцияларнинг бирида, иштирокчилар ўз жойларини эгаллаётган маҳал, эришилган келишувларни маъқуллаб ўзини у ёқ – бу ёққа ташлаётган давлат хизматчиси дабдурустдан йиқилиб тушди, деб ёзмоқда “Reuters” агентлиги.
Халқаро агентлик хабарига кўра, ҳушини йўқотган эркакни ўрнидан турғазиб қўйишаётганида, ҳамкасблари у ҳойнаҳой тадбир арафасида жиддий стресс ҳолатига тушиб қолганини таъкидлаб қўйишган.
“Юз берган воқеа ва атрофдагиларнинг бунга муносабати – Ўзбекистонда давлат хизматчилари кунига 15 соатдан ва дам олиш кунисиз 3 йил ишлаганидан кейин айниқса чарчоқ оқибатида келиб чиқадиган муаммоли ҳолатларга тез-тез дуч келиб туриши ҳақидаги кенг тарқалган тасаввурларни ўзида акс эттиради.
Шу боисдан ҳам, Марказий Осиёнинг иқтисодиёти тобора очилиб бораётган бу давлатига келувчи хорижлик мансабдор шахслар маҳаллий амалдорлар билан учрашувлар чоғида қўшимча ноодатий вазифа билан тўқнаш келишади: улардан мезбон томон вакилларининг уйғоқ ўтирганига ишонч ҳосил қилиш талаб этилади.
“Туш вақтидаги учрашув чоғида у икки марта ухлаб қолди”, деганди ғарб мамлакатидан келган молиячи ўрта даражадаги ўзбек амалдори билан учрашувдан сўнг.
33 миллион аҳолига эга собиқ совет республикасида ҳукумат ишчилари орасида узоқ вақт мобайнида шаклланган анъана бор – улар ўз бошлиқлари кетмагунга қадар офисни тарк этмайди”, дейилади хабарда.
“Reuters”нинг эслаб ўтишича, Президент Шавкат Мирзиёев тизимдаги ана шу чарчоқни тушунгани учун ҳам ўтган ой давлат хизматчиларига шанба кунлари соат 17:00 да иш жойини тарк этиш ва якшанбани оила аъзолари билан ўтказиш бўйича топшириқ берган.
Аммо шахсини ошкор этмаслик шарти билан агентликка интервью берган ўзбекистонлик раҳбар ходим амалда ўзгариш бўлмаганини айтган.
“Лекин аслида ҳеч нарса ўзгармай қолди. Мен ҳали ҳам ишга эрталаб соат 8:00 да келиб, ярим кечаси кўпинча соат 1-2 да уйга қайтаман. Фарзандларимни кетма-кет бир неча кун давомида кўрмаган пайтларим ҳам бўлади”, деган аноним амалдорнинг сўзларини келтирган “Reuters”.