Ўзбекистонда АЭС қуриш харажати 2 млрд доллардан ошмайди – “Ўзатом” раҳбари

Жамият

image

Ўзбекистонда қурилаётган кичик атом электр станциясининг қиймати 2 миллиард доллардан кам бўлади. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев “Alter Ego” лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, АЭС лойиҳасини амалга ошириш “молиялаштиришнинг мураккаб тузилмаси”ни назарда тутади. Станциянинг якуний нархи ҳозирча ошкор этилмаган, чунки у оптималлаштирилмоқда.

“Нарх-наво ҳақида нега маълумот берилмайди? Сабаби оддий — лойиҳа учун аниқ қанча маблағ сарфланиши номаълум. Белгиланган муайян сумма борган сари камайтириб бориляпти. Лойиҳа нархини ҳозиргача 300 миллион долларгача арзонлашишга эришилган.

Станциянинг нархи 2 миллиард доллардан кам бўлади. Бу биз кўзлаган мақсад. Мен аниқ рақам ҳақида гапиришни истамайман, чунки биз доимий равишда уни оптималлаштириш устида ишлаяпмиз, ҳар бир детал нархлари бўйича музокаралар давом этяпти”, деди “Ўзатом” агентлиги директори.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Open Book тамойиллари асосида амалга оширилади, бунда буюртмачи пудратчининг лойиҳа учун ускуна турларини ишлаб чиқариш учун барча харажатларини кўриб туради. Масалан, Европа компаниялари лицензияси асосида ишлайдиган хитойлик ишлаб чиқарувчилардан турбина ва электр ускуналарини сотиб олиш имконияти муҳокама қилинмоқда.

“Бу шунчаки Хитой маҳсулоти ёки ишланмаси эмас, бу Европа компаниялари лицензияси асосида ишлаб чиқарилган ускуна. Шунчаки, европаликлардан сотиб олсак, анча самаралироқ ва анча арзонроқ бўлади. Шунинг учун биз доимий равишда оптималлаштириш устида ишлаяпмиз”, дейди Аҳмадхўжаев.

“Ўзатом” агентлиги раҳбарига кўра, бугунги кунга қадар “умумий ҳажмдан” тахминан 300 миллион долларлик харажатларни қисқартиришга эришилган.

У Россиянинг “Росатом” компанияси тимсолида пудратчи билан ҳамкорлик формати шунчаки “пудратчи-буюртмачи” эмас, балки жамоавий эканини қўшимча қилди. Агентлик раҳбарининг фикрича, бу нафақат нархни пасайтириш, балки ушбу технологияларни кейинчалик қўллаш учун юқори салоҳиятни яратиш имконини беради.

“Лойиҳа халқаро характерга эга бўлгани учун айрим турдаги ускуналарни, айтайлик, Хитойдан сотиб оламиз ва бунинг учун Хитойдан имтиёзли шартларда маблағ жалб қиламиз. Шунингдек, ушбу лойиҳага қизиққан ва сармоя киритишга тайёр бўлган инвестиция компаниялари ҳам бор, аммо улар станция эгалари қўлида эмас, балки фойда олувчилардир. Молиялаштириш схемаси аслида жуда мураккаб. У ерда, жумладан, давлат бюджети ҳам ҳисобга олинади, лекин жуда кам миқдорда. Бу асосан хориждан жалб қилинаётган маблағлар”, дейди агентлик директори.

Аҳмадхўжаевнинг айтишича, лойиҳада Россия кредитларидан фойдаланилмайди. У, шунингдек, давлат бюджетига “юк”ни камайтириш ва давлат кафолатларидан фойдаланиш режалаштирилаётганини айтди.

“Ўзатом” раҳбарининг қўшимча қилишича, кичик АЭС Ўзбекистон мулкида қолади, хорижий инвесторларнинг иштироки эса дивидендлар олиш билан чекланади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида “Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзоланганди. Станция Россиянинг РИТМ-200Н реактори асосида барпо этилади (қуввати – 55 МВт, хизмат муддати – 60 йилгача).

Дастлабки реактор беш йил ичида ишга туширилиши, кейингилари эса олти ойлик интервал билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. АЭС тўлиқ лойиҳавий қувватга 2033 йилдан олдин чиқиши кутилмаяпти.

Ўзбекистон АЭС қуриш учун халқаро консорциум тузишни режалаштириб, Россия, Хитой ва Европа технологияларини жалб этишни кўзламоқда. Бундан ташқари, турбиналар, генераторлар ва совутиш иншоотлари учун халқаро компанияларнинг ускуналарини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Ўзатом АЭС Азим Аҳмадхўжаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг