Ўзбекистонда аъзо трансплантацияси учун донорга қўйиладиган муҳим талаб бекор қилинмоқда

Жамият 4053
image
-

Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси учун донор, беморнинг яқин қариндоши бўлиши керак, деган чеклов бекор қилинмоқда. Бу ҳақда “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда. 

Лойиҳа бугун, 2 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевга кўра, қонун билан инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси учун донор, беморнинг яқин қариндоши бўлиши керак, деган чеклов бекор қилинмоқда.

Эндиликда донор сифатида ўзидан аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон тушунилади.

Шунингдек, лойиҳа халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “Тирик донордан аъзоларни ёки тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин”, деган норма билан тўлдирилди.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдириб, аъзолар ва тўқималар трансплантациясини бажаришдаги мақсадлар ва шартларни аниқлаган ҳолда, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларнинг қисқаришига олиб келади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 134
Рейтинг: 3.1
t
×