Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш қачонга режалаштирилаётгани маълум бўлди

Жамият

image

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августига қадар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли фармон лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Фармон лойиҳасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳам белгиланган. Булар:

  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар жараёнларининг мувофиқлаштирилиши ва мониторингини амалга ошириш;
  • аҳолини рўйхатга олиш натижаларининг таҳлилини ўтказиш;
  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, аҳолини рўйхатга олиш материалларига ишлов беришни ташкил этиш ва унинг якуний натижаларини эълон қилиш масалаларига доир таклифларни кўриб чиқиш;
  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг ишига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда жалб этишни ташкил этиш;
  • халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари, Статистика агентлиги аҳолини рўйхатга олишни планшет қурилмалари ёрдамида ўтказиш учун 2024–2026 йилларда зарур техник ва дастурий воситаларни сотиб олади.

Аҳолини рўйхатга олишда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун ҳамда шу соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши ва респондентлардан олинган маълумотлар сир сақланиши айтилган.

Кадастр агентлиги 2025 йил 1 июлга қадар аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказади.

Олий Мажлис палаталарига эса 2025 йил 1 сентябрдан 2026 йил 1 сентябрга қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилган.

Маълумот учун, аҳолини рўйхатга олиш натижасида республика ва ҳудудлар бўйича аҳоли сони аниқ ҳисоблаб чиқилади. Шунингдек, аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, турмуш даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича ягона ахборот базаси яратилади; демографик сиёсатни, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базаси кенгайтирилади; аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича келгуси 10-30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2026 йилгача якунланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Рўйхатга олишнинг республика ва ҳудудлар даражасида якуний натижаларини олиш муддати 2025 йил 1 декабрь этиб белгиланиши таклиф этилганди. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш муддати ҳам 2025 йил якунига белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон аҳолини рўйхатга олиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made