Ўзбекистонда аҳолини мажбурий эмлаш мумкинми? Парламент спикери масалага нуқта қўйди
Жамият
−
17 Июль 2021
18028Ўзбекистонда коронавирусга қарши мажбурий эмлашни жорий этиш қонунларга зид ва бунинг учун бир қанча ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш керак. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов маълум қилди.
Палата йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг ахбороти эшитилган.
Мажлисда депутатлар охирги вақтларда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам яна кўпая бошлагани хавотирга сабаб бўлаётганини таъкидлаган. Айниқса, аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш масаласи қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
Айрим депутатлар эмлаш тадбирларини “мажбурий тартибда” амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган. Баъзилари эса, буни аксини айтган.
Муҳокамалар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов аҳолини коронавирус инфекциясига қарши “мажбурий эмлаш”ни жорий қилиш, ялпи йиғилиш кун тартибига қўйилмаганини эслатиб, бу таклифга ўз муносабатини билдирган.
“Эмлаш ишларини ташкилий жиҳатдан тўғри ва самарали йўлга қўйиш, бу борада фуқароларимизнинг хавфсизлигини кенгроқ таъминлаш биринчи галдаги вазифа эканлигидан келиб чиқиб, вакцинация ишларини муҳокама қилиш, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсад қилиб олинган.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатимизда амалда бўлган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда фуқаронинг ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шарти эканлиги белгилаб қўйилмаган. Шунингдек, фуқаро ва унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга деган талаб қатъий мустаҳкамлаб қўйилган”, деган спикер.
Нурдинжон Исмоилов худди шу каби нормалар бошқа бир қатор қонунларда ҳам мавжудлигини, шу сабабдан эмлаш тадбирларини мажбурий тарзда амалга ошириш мумкин эмаслигини урғулаган. Яъни, эмлаш тадбирларини мажбурий амалга ошириш учун аввало, бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларга белгиланган тартибда ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш талаб этилади.
Маълумот учун, Қонунчилик палатаси йиғилишида депутатлар Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясига вакцина олмаганларга чекловлар жорий қилиш бўйича тавсиялар тайёрлади.
LiveБарчаси