Ўзбекистонда эмлаш мажбурий бўлиш эҳтимоли бор...ми? Нурмат Отабеков жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистонда аллақачон коронавирусга қарши 4 миллион 300 минг дозадан ортиқ вакцина амалга оширилган бўлса-да, икки ва уч босқичли вакцинани тўлиқ олганлар бор-йўғи 850 минг кишини ташкил этяпти. Ҳукумат, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мутахассислар мамлакатда коронавирусга қарши эмланиш зарурлиги ҳақида ҳар дақиқада бонг урмоқда. Ҳатто, охирги кунларда эмлашни ихтиёрийдан мажбурийга ўтказиш масаласи кун тартибига чиққан. Хўш, мамлакатда коронавирусга қарши эмланиш мажбурий бўлиши мумкинми? Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари – Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков QALAMPIR.UZ’нинг жонли эфир мулоқотида сўз очди. 

“Мажбурий қилиш эҳтимоли йўқ эмас. Масалан мендан фикр сўралса, эртагаёқ вакцина олишни мажбурий қилган бўлардим. Мен эмландим. Бу билан ўзим ва бошқаларнинг саломатлигини ҳимоя қилдим. Нега энди бошқалар ўзи ва жамиятнинг саломатлигини ҳимоя қилмаслиги керак? Ахир бошқа йўлимиз йўқ-ку. Дока ниқоб тақмаяпмиз, ижтимоий масофага риоя қилмаяпмиз, антисептик воситаларни унутдик. Жамоат транспортларидан эмин-эркин фойдаланяпмиз. Қарийб чегаралаш бўлмаяпти. Бу ҳаёт. Одамларнинг иқтисодий имкониятлари камайиб кетмасин, яна қамалиб уйда ўтириб қолмасин, деган нуқтайи назардан жиддий карантин чоралари тадбиқ қилинмаяпти. 

Яна барча ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб, локдаун ҳолатини жорий қилиб, касалликни енгиш учун бир қадам олдинга юриш мумкин эди. Лекин давлатимиз, қолаверса Республика махсус комиссияси мана шу жиҳатларни ҳар томонлама ўйлаб, касаллик бор бўлган вақтда яшаш, фаолият кўрсатиш, иқтисодий фойда кўриш имкониятини сақлаб қолиш нуқтайи назаридан карантин чеклов чораларини кучайтириб юбормаяпти. Аниқ биламанки, бунга Ҳукумат ҳар тарафлама онгли равишда ёндашяпти. Лекин, жуда иложсиз бўлинганидан у ёки бу чекловлар оз-оздан кучайтириб борилмоқда. Негаки, белгиланган талаблар ҳам бузилиши бошланяпти. Шу боис менга қолса, эмлашни мажбурий қилган бўлардим”. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2020 йилнинг 15 мартидан буён 2021 йилнинг 7 июлига қадар 114 529 кишида коронавирус аниқланган. Вирус юқтириб олганларнинг 110 041 нафари касалликдан соғайган. 

Бугунгача Саудия Арабистони, Тожикистон, Турманистонда коронавирусга қарши эмланиш мажбурий этиб белгиланган. Россияда эса вакцина олмаганларга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

347

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг