Ўзбекистонда 2030 йилда сув танқислиги 7 млрд куб метрга етади – вазир ўринбосари
Жамият
−
29 Апрель 2023
7743Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Сув ресурсларини комплекс бошқариш: қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида панел мунозараси бўлиб ўтди. Унда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаров Ўзбекистонда 2030 йилга келиб 7 миллиард куб метр сув етишмовчилиги кузатилишини айтиб ўтди.
Тадбирни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матилда Димовска олиб борган. Шунингдек, сессияда Швейцария элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари, ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рейхел Беш, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров ва бир нечта компания раҳбарлари спикер сифатида иштирок этган.
Мутахассисларнинг фикрича, 2040-2050 йилларга келиб сув ресурсларига талаб ортиб бориши жаҳон иқтисодиётида таркибий ўзгаришларга олиб келиши муқаррар. Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзида 5 миллиарддан ортиқ одам у ёки бу даражада сув танқислигини бошдан кечиради. Панел сессия иштирокчилари сув танқислиги қишлоқ хўжалиги ва умуман иқтисодиётни ривожлантириш учун жиддий муаммога айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Экспертлар Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун сув ресурсларини комплекс бошқаришнинг аҳамиятини муҳокама қилган. Шунингдек, сув ресурсларини комплекс бошқариш механизмларини самарали жорий этиш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар ҳақида гаплашилган.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаров сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа мамлакатлардан оқиб келиши, атиги 20 фоизи Ўзбекистонда ҳосил бўлишини таъкидлади. Бундан 30-40 йил аввал яратилган инфратузилма эса жиддий модернизацияни талаб қилади. Сув ресурслари билан таъминланишнинг камайиши, янги обектлар сонининг кўпайиши натижасида аҳоли сони ўсиб бормоқда, бу эса сув ресурсларининг янги миқдори ва сифатини талаб қилади. Назаров, ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 миллиард куб метр сув етишмаслигини айтиб ўтган.
Тадбирда Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича барча ташаббуслар тўпланса, тахминан 19 миллиард доллар сармоя талаб этилиши айтиб ўтилган. Шундан 4 млрд насос станциялари ва 6 млрд га яқини хўжалик субъектларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун субсидиялар учун кетади. Молия вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирликлари билан биргаликда ушбу каналлар функциясини баҳолаган ҳолда каналлар тизимининг модели ишлаб чиқилган.
LiveБарчаси