Жапаров сув танқислиги сабаб юзага келадиган можаролар хавфидан огоҳлантирди
Олам
−
13 Ноябрь
4616Иқлим ўзгариши сабабли глобал сув танқислиги келажакда можаро ва беқарорликка олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров COP-29 иқлим конференциясидаги давра суҳбатида сўз очди.
“Қирғизистонда биз, айниқса, уйимиз бўлган тоғ экотизимларининг нозиклигини яхши биламиз. Марказий Осиёда миллионлаб одамларни сув билан таъминловчи музликлар тез йўқ бўлиб кетмоқда. Бу фақат Қирғизистон учун муаммо эмас, балки минтақавий ва глобал муаммодир. Сув танқислиги янада кучайиб, можаролар, беқарорлик ва қашшоқлик потенциалини яратади”, деди Жапаров.
Президентнинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши тоғ экотизимлари ва одамларга, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалигига, шунингдек, “дунёнинг кўплаб тоғли ҳудудларда сув ва тоза энергия каби асосий экотизим хизматларини кўрсатишга” салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Биз тоғлар билан боғлиқ халқаро сиёсий жараёнлар доирасида кейинги ҳаракатларни келишиб олишда тоғли мамлакатлар манфаатларини муносиб ва адолатли ҳисобга олиш тарафдоримиз. Иқлим ўзгаришига қарши кураш нафақат яшаш учун кураш, балки адолат, тенглик ва қадр-қиммат учун курашдир”, деб тушунтирди Қирғизистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур конференцияда иштирок этиб, ўз ташаббусларини илгари сурганди. Беларусь резиденти Александр Лукашенко эса олдинги COP-28 иқлим саммитидан кейин дунёдаги вазият фақат ёмонлашганини айтганди.
LiveБарчаси