Кубада юз минглаб одамлар сувсиз қолди
Олам
−
13 Сентябрь
3486Кубада сув танқислиги тобора кучайиб бормоқда. Хусусан, пойтахт Гаванада озиқ-овқат, ёқилғи ва электр қуввати танқислиги туфайли юз минглаб аҳоли муаммоларга дуч келди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, 600 000 дан ортиқ одам яъни, 10 миллион аҳолига эга Кубадаги ҳар 20 кишидан 1 нафари сув таъминоти муаммосидан азият чекмоқда.
Расмийлар ўсиб бораётган муаммоларни барбод бўлган инфратузилма ва ёнилғининг доимий етишмаслиги, мамлакатни деярли банкротга олиб келган “йирингли” иқтисодий инқироз оқибатлари билан боғлайди.
32 ёшли фуқаро Рейчел Триминёнинг сўзларига кўра, асосий сабаблар ҳатто унинг Гаванадаги Ведадо маҳалласида ҳам, пойтахтнинг нисбатан юқори округида ҳам сир эмас.
“Ҳамма кўчалар сизиб оқаётган қувурларга, тоза сувга тўла... лекин уйларимизда ҳеч вақо йўқ”, дейди у.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, Гавана сув танқислигидан энг кўп зарар кўрган, аммо мамлакатнинг аксарият йирик шаҳарларида 30 000 дан ортиқ аҳоли сувсиз қолгани ҳақида маълум қилинган.
Расмийларга кўра, эскирган сув инфратузилмасининг қувурлар ва насослари учун эҳтиёт қисмлар етишмайди. Аҳоли вакиллари эса ёқилғи ва тегишли транспорт бўлмаса, ҳатто цистернали юк машинасида фавқулодда сув таъминоти ҳам чекланганини таъкидлайди. Баъзи ҳудудларда якка тартибдаги норозилик намойишлари авж олган.
Нашрга кўра, Куба иқтисодиёти COVID-19 пандемияси, АҚШ санкцияларининг кучайиши, бюрократия, нотўғри бошқарув ва коррупцияга ботган ҳукумат туфайли таназзулга юз тутди. Ижтимоий ва иқтисодий инқироз Фидел Кастронинг 1959 йилдаги инқилобидан кейин энг ёмони даражага етган. Бу сўнгги икки йил ичида рекорд даражада кўп сонли кубаликларнинг ватанини ташлаб кетишига сабаб бўлган.