Ўзбекистонда 2025 йилга қандай ном берилиши эълон қилинди
Жамият
−
13:51
26952Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида сўз очди.
Йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.
Ушбу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди.
Президент сўзининг давомида бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётганини қайд этди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда.
Бунга жавобан Ўзбекистонда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилган. Пойтахт Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, қатор ташаббусларни илгари сурган ва COP29 мамлакатлари вакилларини келгуси йили 15 майда – Халқаро иқлим кунида Оролбўйида ўтказиладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал фестивалида иштирок этишга таклиф этганди.
LiveБарчаси