Ўзбекистонда 13 858 та овқатланиш корхонаси фаолияти тўхтатилди
Жамият
−
24 Март 2020
3976Ўзбекистондаги барча умумий овқатланиш корхоналари фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси жорий йилнинг 19 март куни мамлакат ҳудудидаги барча умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Ушбу қарордан келиб чиқиб Давлат солиқ қўмитасига Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан биргаликда вақтинчалик фаолияти тўхтатилаётган тадбиркорлик субъектларини чекловларга амал қилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси топширилди. Бу ҳақда ДСҚ Матбуот хизмати хабар берди.
20-22 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга олиб борилган чора-тадбирлар натижасида республикада мавжуд 13 858 та умумий овқатланиш корхонаси (ёки филиали) тўлиқ қамраб олиниб, уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиши таъминланди.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги мавжуд 2644 та, Самарқанд вилоятида 2081 та ва Бухоро вилоятида 1187 та умумий овқатланиш объекти фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу республика бўйича энг йирик кўрсаткичлар.
Бу борада энг паст кўрсаткич Сирдарё, Навоий ва Жиззах вилоятларига тўғри келди. Сирдарёда 387 та, Навоийда 465 та ҳамда Жиззахда 467 та умумий овқатланиш объекти фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.
Айни пайтда тайёр овқатларни етказиб бериш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давом эттирмоқда. Умумий овқатланиш корхонаси сифатида рўйхатдан ўтган барча тадбиркорлик субъектлари ҳам мазкур хизматни тақдим этиши мумкин.
ДСҚнинг эслатишича, талабларнинг бажарилмаслиги қонуний чоралар кўриш ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 49 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor