Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун техник ишларни тугатди – Хўжаев

Жамият

image

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича барча техник ишларни якунлади. Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев маълум қилди.

“Қонунчилигимизнинг ташкилот низомига жавоб беришини таъминлаш бўйича бошқа аъзо давлатлар билан музокараларни амалга оширдик. Кейинги қадам – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Фақат МДҲ миқёсида эмас, бошқа йўналишларда ҳам савдо алоқаларимизни ривожлантиришга урғу беряпмиз ва денгиз портларига имкон берувчи лойиҳалар устида ишлаяпмиз”, дейди Хўжаев  “Янги Ўзбекистон — янги инвестицион истиқбол” мавзусидаги конференцияда. 

Европа тикланиш ва тараққиёт банки директори ўринбосари, банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос эса Жамшид Хўжаевга ЖСТга аъзо бўлиш учун Ўзбекистон қандай ишларни амалга ошириши кераклиги ҳақидаги савол билан юзланди.

“ЖСТга аъзо бўлиш – узоқ вақт талаб қиладиган мураккаб жараён. Биз бу борадаги ислоҳотларимизни давом эттиришимиз керак. Ҳозирда қонунчилик нормалари ва бир қатор техник стандартларимизни мувофиқлаштиряпмиз. Биз аллақачон қилинадиган ишларнинг рўйхатини тузиб олганмиз. Агар биз ЖСТга аъзо бўлсак, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун катта имкониятларни яратади. Тўғри, бундай катта бозорга кириш катта рақобат дегани, лекин биз рақобатни қабул қилишга тайёрмиз”, дейди Хўжаев Дракинос саволига жавобан.

Шунингдек, у Ўзбекистон иқтисодиётида кўплаб давлат корхоналари борлигини ҳам очиқчасига тан олди.

“Биз давлат корхоналарини хусусийлаштиряпмиз. Мақсад – рақобатбардошликни ошириш. Лекин рақобатга киришиш ва рақобатбардош бўлса, давлат корхоналари ҳам бозорга чиқиш имкониятига эга бўлади. 

Қолаверса, давлат субсидияси билан ишлайдиган саноат компаниялари, айниқса, қишлоқ хўжалиги ҳамда электроникага алоқадор тармоқлар эркин бозор шароитларида ишлай олишлари учун ҳозирги стратегиясини қайта кўриб чиқиши керак”, дея огоҳлантирди Бош вазир ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон   ЖСТга қўшилиш учун кўплаб муҳокама жараёнларида иштирок этяпти.

“Бу борада мамлакат учун энг муҳим омил – саноатга зиён етказмасдан муросага келишдир. Тренд динамик бўлади, биз бу борада фаол иш олиб боряпмиз. Мен делегация раҳбари сифатида музокараларни тезроқ, қисқа вақтда якунлашни истардим”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ЖСТ ЕТТБ Жаҳон савдо ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made