Ўзбекистон ЖИФнинг рақобатбардошлик индексига қачон киритилиши айтилди
Жамият
−
18 Октябрь 2019
56012021 йилдан Ўзбекистон ҳам Глобал рақобатбардошлик индексида ўз ўрнига эга бўлши кутиляпти. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жаҳон иқтисодий форумининг (ЖИФ) Глобал рақобатбардошлик индекси (ГРИ) мамлакатнинг иқтисодий ўсиш истиқболларини ҳамда ўз фуқароларининг юқори даражадаги фаровонлигини таъминлаш имкониятини баҳолайди. Ушбу индекс, ўз навбатида, давлатнинг мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги даражасини кўрсатади. Лекин, Ўзбекистон Республикаси ГРИга киритилмаган.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Молия вазирлиги Жаҳон иқтисодий форуми вакиллари билан биргаликда республиканинг ГРИга киритилиши бўйича иш олиб бормоқда.
ЖИФ мутасаддилари бу узоқ жараён эканлигини маълум қилишган ва бунинг сабабларини қуйидагича изоҳлашган:
биринчи босқичда, 2020 йилнинг 1 январига қадар ЖИФ Ўзбекистонда фаолият юритадиган нодавлат илмий-тадқиқот институтлари, хусусий университетлар ёки агентликлар орасидан биттасини ўзининг ҳамкори сифатида танлаб олади. ЖИФ томонидан танланган ташкилот кичик корхоналар, йирик корпорациялар, акционерлик жамиятлари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи хорижий компаниялар (филиаллари) орасида махсус сўровнома ўтказади;
ЖИФнинг Ўзбекистондаги ҳамкор ташкилоти 2020 йилда ўтказилган сўровнома натижалари тўғрисида ҳисобот бериши керак;
Юқоридаги жараёнлар якунланиб, ҳисоботлар топширилганидан сўнг, мамлакат 2021 йилда расмий равишда ГРИга киритилиши мумкин. ЖИФ ходимлари томонидан берилган изоҳга кўра, ЖИФ биринчи навбатда олинган сўровнома натижаларини Ўзбекистон кўрсаткичларининг ҳақиқий тенденциялари билан қай даражада мос келишини текшириб кўриши зарур. Иккинчидан, ушбу тенденциялар махсус экспертлар томонидан 2 йил мобайнида мунтазам кузатилиб борилиши ва таҳлил қилиниши лозим.
ЖИФ томонидан Ўзбекистоннинг ГРИга киритиш жараёни 2 йил муддат талаб этишини инобатга олиб, юқорида кўрсатилган ҳамкорлик шартларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ГРИдаги ўрни 2021 йилдан бошлаб акс эттириб борилиши кутилмоқда.
Аввалроқ, Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индекси эълон қилингани, унга Ўзбекистон киритилмагани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси