Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Бухорони сайр қилди
Жамият
−
16:39 1380 3 дақиқа
Бугун, 27 март куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Арк қўрғони, Пои Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Арк қўрғони Бухоронинг қадимий қалъаси бўлиб, қарийб 1500 йил давомида ҳукмдорлар қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Унинг дастлабки бинолари милоддан аввалги IV-III асрларга мансуб бўлиб, ҳозирги кўриниши асосан XVI асрда шаклланган. Илгари у саройлар, маъмурий бинолар, қуролхонани ўз ичига олган “шаҳар ичидаги шаҳар” бўлган. Ўрта асрларда бу ерда Рудакий, Ибн Сино ва кейинчалик Умар Хайём каби буюк мутафаккирлар яшаб, ижод қилгани қайд этилган.

Қайд этилишича, Пои Калон мажмуаси Бухоронинг энг улуғвор ва машҳур меъморий ансамблларидан бири сифатида тожикистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотган. У 1127 йилда қурилган машҳур 45,6 метрли минора, 1514 йилда барпо этилган ва 12 минг кишини сиғдира оладиган жоме масжиди, шунингдек, ислом оламининг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Мир Араб мадрасасини ўз ичига олади. Масжид ҳовлисини ўраб турган 288 та гумбазли галерея, юзлаб устунлар ва ноёб акустика мажмуага алоҳида улуғворлик бағишлайди.

Лаби Ҳовуз ансамбли Бухорода сақланиб қолган ўрта асрларга оид саноқли майдонлардан бири бўлиб, унинг марказида қадимий ҳовуз жойлашган. Асрлар давомида шаҳар аҳолиси бу ерга дам олиш, суҳбатлашиш ва савдо қилиш учун келган. Мажмуа таркибига Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳи киради.

Тожикистон етакчиси ҳар бир тарихий обиданинг бадиий уйғунлиги, миллий ҳунармандчилик намуналари ва тарихий экспонатларга катта қизиқиш билдирган. Олий мартабали меҳмонга меъморий услубнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, нақшлар ва рамзларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилган.

Бухоронинг бой тарихи, Буюк ипак йўлидаги ўрни, илм-фан ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи бу қадамжолар Тожикистон делегациясида чуқур таассурот қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Тошкентга етиб келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Шунингдек, Кўксарой қароргоҳида Имомали Раҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Кейинроқ эса Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди. Шунингдек, икки давлат етакчилари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Ўзбекистон – Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди. Шу билан бирга, Тожикистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида икки мамлакат санъаткорлари иштирокидаги анъанавий концертни биргаликда томоша қилди.
Бугун, 27 март куни Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.
Live
Барчаси