Ўзбекистон ва Россия Каримованинг мулкларидан тушган пулни бўлиб олади
Жамият
−
13 Сентябрь 2022
16859Россия пойтахти Москвадаги Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган ва суд қарори билан мусодара қилинган олтита квартиранинг сотилишидан тушган маблағлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида тенг бўлинади. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Адлия вазири ўринбосари Музроф Икромов маълум қилди.
Февраль ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Москва суди Каримовага ватанида чиқарилган ҳукмни тан олгани, Россия томони билан мамлакатда ундан мусодара қилинган мулкни сотиш ва тушган маблағни республикага қайтариш бўйича иш бошлангани ҳақида хабар берган эди.
“(Каримованинг – таҳр.) Москва шаҳрида жойлашган олтита хонадон мусодара қилинди, олинган маблағлар, Москва суди қарорига кўра, тенг улушларда бўлиб, Ўзбекистон ва Россия фойдасига сарфланади”, дейди Икромов.
Унинг сўзларига кўра, “Россия суд ижрочилари бу жараёнларни амалга оширяпти”.
Аввалроқ, Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари Швейцария, Франция, Бельгия, Буюк Британия, Латвия ва Россия каби давлатларда мулкларга эга бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.
Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.
Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Фонди” деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова жорий йилнинг 8 июль куни 50 ёшни қаршилади. Унинг ўғли Ислом Каримов Лондонда истиқомат қилмоқда. У уйланган, бир нафар фарзанди бор. Қизи Имон Каримова ҳам Лондонда ўқишни давом эттирмоқда ва у баъзан Ўзбекистонга келиб туради. Имон Каримова бувиси Татьяна Акбаровна Каримова ва холасининг қизи Марям Тилляева билан узилиб кетган муносабатларни тиклаган.
Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонни тарк этган. У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган. Биринчи Президентнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда ёлғиз истиқомат қилмоқда. У 26 август куни 74 ёшни қаршилайди.
LiveБарчаси