Ўзбекистон ва Покистон етакчилари бир-бирларини табриклади
Жамият
−
17:45 676 2 дақиқа
Бугун, 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, икки давлат етакчилари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр ва қутлуғ Наврўзи олам байрамлари муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаган. Дўст Ўзбекистон ва Покистон халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва давомий равнақ тилаклари изҳор этилган.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил февраль ойида Покистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янги сифат босқичига кўтаргани алоҳида таъкидланган.
Олий даражадаги ташрифдан кейин вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар даражасидаги мулоқотлар янада фаоллашгани, ўзаро алмашинувлар аниқ натижалар билан бойиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.
Суҳбат давомида томонлар сўнгги вақтларда Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ минтақасидаги кескинликдан жиддий ташвиш билдириб, ҳар қандай зиддият ва муаммони фақат тинч ва дипломатик воситалар орқали ҳал этиш зарурлигига урғу берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаган эди.
Live
Барчаси