Ўзбекистон ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратини ишлаб чиқара бошлади
Жамият
−
27 Июнь 2020
6940Ўзбекистонда ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратининг дастлабки донаси ишлаб чиқарилди. Маълум қилинишича, ушбу аппарат "Технополис Москва" — "Хирана+" Ўзбекистонда алоҳида иқтисодий ҳудуднинг резидент-компанияси ишлаб чиққан. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу аппаратларнинг ишлаб чиқарилишига 8 миллион доллардан кўп инвестиция жалб қилинади ва 100 киши учун иш ўрни яратилади.
Йил охиригача заводда мазкур аппаратдан 100 дона ишлаб чиқариш режалаштирилган. Келгусида ишлаб чиқариш кўламини йилига 500 та ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати ва 500 та наркозли–нафас олиш аппаратига етказиш белгиланган.
“Мазкур завод 2020 йил августда мамлакат раҳбари иштирокида очилиши белгиланган”, дея таъкидлайди "Хирана+" компаниясининг бош директори Василий Шимко.
“Ушбу тиббиёт техникаларини Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистонга сотиш мўлжалланмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратидан коронавирусга чалинган ва ҳолати оғирлашган беморларда ҳам қўлланилади. Айни дамда Ўзбекистонга ушбу тиббий жиҳоз Туркия, Россия ва Жанубий Корея каби давлатлардан етказиб берилмоқда.
LiveБарчаси