Ўзбекистон учун Chevrolet Trailblazer ишлаб чиқарадиган завод сотиладиган бўлди
Жамият
−
17 Февраль 2020
11686АҚШнинг General Motors компанияси Таиланддаги автозаводини Хитойнинг Great Wall Motor Co Ltd. компаниясига сотадиган бўлди. Бу ҳақда GM расмий сайтида маълум қилинди.
Америка компанияси инвестициялардан зарур даромад бермаётган бозорлардан чиқиб кетиш стратегияси доирасида Австралия, Янги Зеландия ва Таиланддаги фаолиятини бошқа жойга кўчиришга қарор қилган. Хусусан, 2021 йилда Австралияда Holden брендини ишлаб чиқариш тўхтатилса, йил охиригача Таиланддаги Rayong заводини сотиш ишлари якунланади.
Компания ушбу завод фаолиятини таҳлил қилиб, кам юкланиш ва прогноз қилинган ҳажмлар асосида у ерда ишлаб чиқаришни давом эттиришни фойдасиз деб топди. Шундай қилиб, Chevrolet ўзининг хусусий ишлаб чиқаришисиз эндиликда Таиланддаги янги автомобилларга рақобат туғдира олмайди. Сабаби, компания йил охиригача ушбу мамлакатдан Chevrolet брендини олиб чиқиб кетади.
General Motors бош директори Мэри Барра компанияси юқори даромад келтирадиган бозорларга эътиборини қаратишини билдирган.
Компания раҳбари қатор, шу жумладан, Ўзбекистон бозори билан ҳам шериклик алоқаларини оптималлаштириш давом эттирилишини алоҳида таъкидлаган. Бундай ҳамкорлик активлар тақдим этиш ва ўсиб бораётган бозорларда харажатларни камайтириш учун етказиб беришнинг мустаҳкам занжирларини яратиш йўли билан амалга оширилади.
Маълумот учун, Таиланддаги Rayong заводида Colorado ва Trailblazer моделлари ишлаб чиқарилади. Ўтган йил ноябрь ойида ушбу корхонадан Ўзбекистонга Chevrolet Trailblazerʼнинг биринчи партияси жўнатилган эди.
2019 йил охирида эса UzAuto Motors Chevroletʼнинг тўртта русуми — Equinox, Traverse, Trailblazer ва Tahoeʼни тақдим этган эди. Январь ойида компания биринчи босқичда АҚШ, Хитой ва Таиланддан тайёр автомобилларни келтиришга қарор қилингани ҳақида хабар берганди.
Агар дастлабки олти ой давомида сотув ҳажмлари ўсиб борса, UzAuto Motors бу сегментда аниқ ўрнини эгаллаб, мазкур моделларни республика ичида ишлаб чиқаришга ҳам маблағ ажратади.