Gentra’нинг нархига қандай “иномарка”лар олиш мумкин?
Технология
−
16 Октябрь 2021
491232013 йилда Ўзбекистонда, Россия ва бошқа МДҲ мамлакатлари бозорлари учун Lacetti моделининг модернизация қилинган версияси – Gentra седанини ишлаб чиқариш бошланди. Автомобиль корпуснинг олд қисмининг дизайни олдинги моделдан фарқ қилади, бироқ фаралар, олд қанотлар ва капот Lacetti хетчбекидан олинган. Унинг 1,5 литр сиғимли двигатели 107 от кучига эга. 11-12 секундда 100 км/соат тезликка эришади. Унинг нархи Ўзбекистон бозорида 12-14 минг АҚШ доллари атрофида. Шартли “жаҳон бозорида” эса қиймати деярли икки баробар арзонроқ. Хўш, Gentra’нинг маҳаллий бозор нархига қандай услубдаги “иномарка”ларни харид қилиш мумкин?
14 минг АҚШ доллари Жаҳон бозорида ҳам сифатли автомобиль танлаш учун мос бюджетдир. Шунча маблағ эвазига дунё брендига айланган компаниялардан шаҳар саёҳатлари учун премиум седан ва кроссоверларни ҳам топиш мумкин. Бундан ташқари, Германия, Япония ёки Америкада ишлаб чиқариладиган спорт автомобиллари аукционларда анча арзон нархда сотилади. Қўшимчасига, ўзгача кўринишдаги электромобиллар ҳам у қадар қиммат эмас.
Масалан, Toyota Camry (13-14 минг АҚШ доллари) – Япония автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг энг машҳур маркаларидан бири. Йиллар мобайнида таркиб жиддий ўзгаришларга дуч келган бўлса-да, бренд ўз тамойилларига содиқ қолди. Бу машина камдан-кам ҳолларда бузилади. Двигатель ҳажми 2,5 литрни, ёқилғи истеъмоли эса 100 километр учун 10-12 литрни ташкил этади. Camry’нинг сўнгги моделлари 20-25 минг АҚШ долларигача сотилади.
Lexus IS 200 (13-15 минг АҚШ доллари) – спорт фокусига эга бўлган бошқа бир япон седанидир. У, шунингдек, ишончлилиги ва муаммосиз ишлаши билан машҳур, ҳатто машинадан доимий фойдаланилган тақдирда ҳам. Мукаммал безак ва максимал вариантларга эга автомобилнинг LED фаралари, дисплейнинг мослашувчанлиги ва камераларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Lexus IS 200 сўнгги моделларининг нархи эса 60 минг АҚШ долларигача етади.
Wolkswagen Passat B8 (13-15 минг АҚШ доллар) яхши рейтинг ва ўз класси учун жуда мақбул нархга эга. Ҳайдовчилар кам ёнилғи сарфи, шунингдек, мукаммал динамикани ҳис қилади. Машина босиб ўтилган ҳар юз километр масофа учун 7 литр ёқилғи сарфлайди. Кенг интерьер бу тоифадаги автомобилларга нисбатан афзалликларга эга. Масалан, салон учун махсус юмшоқ пластмассадан фойдаланилади, у бир неча йилдан кейин ҳам эзилмайди. Бундан ташқари, машина автоматлаштирилган ва ташқи шовқиндан ҳимояланган. Wolkswagen Passat B8 нинг сўнгги моделлари нархи 35 минг АҚШ долларигача етади.
Ford Fusion (13-14 минг АҚШ доллари) – машҳур Америка седанларининг иккинчи авлоди. Бу автоулов жозибали кўриниши, коррозияга чидамли корпуси ва юқори сифатли ички безаклари туфайли харидорлар орасида анча машҳур. Гибрид автомобиль доимий саёҳатларда сезиларли даражада ёқилғини тежаш имконини беради, лекин юқорида номи келтирилган бошқа машиналарга қараганда тезроқ бузилади. Автомат бошқарувга эга седаннинг сўнгги моделлари нархи 30-35 минг АҚШ доллари атрофида.
Hyundai Sonata (13-14 минг АҚШ доллари). Жаҳон бозорида Жанубий Корея автомобиллари юқори талабга эга. Уларнинг аксарияти бахтсиз ҳодисалар натижасидагина сотилади. Автоулов узоқ сафарлар учун жуда мос келади. Автомагистралларда двигателнинг ёқилғи истеъмоли 7 литрдан ошмайди. Седан 2,4 литрли двигатель ва автоматик бошқарувга эга эканини ҳисобга олсак, бу яхши натижа ҳисобланади. Агар ўз вақтида техник хизмат кўрсатилса, Hyundai Sonata бир неча юз минг километр ҳаракатланганидан кейин ҳам муаммо туғдирмайди. Унинг сўнгги моделлари нархи эса 20-25 минг АҚШ доллари атрофида.
Хуллас, Toyota, Lexus, Wolkswagen, Ford ва Hyundai брендлари махсулотларининг ички ва ташқи бозордаги нархи деярли бир хил. Юқорида санаб ўтилганидек, 14 минг АҚШ доллари эвазига у қадар кўп масофа босиб ўтмаган, кам сарфли ва энг муҳими жаҳон бозори талабларига жавоб бера оладиган автомобиль харид қилиш мумкин. Ўзбекистонда эса – Gentra 1,5!