Ўзбекистон Туркияга янги элчи тайинлади
Жамият
−
17 Июнь
2313Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров кеча, 16 июнь куни Анқара шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, куннинг иккинчи ярмида Илҳом Ҳайдаров Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Протокол Бош бошқармаси бошлиғи, элчи Аҳмет Жемил Мироғлуга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган.
Мулоқот давомида кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларига асосланган Ўзбекистон-Туркия икки томонлама муносабатлар ва халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари, хусусан жорий йилнинг 21-22 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 51-сессиясида Ўзбекистон делегациясининг иштироки муҳокама қилинган.
Шунингдек, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ва қўшма тадбирларни ташкил этиш, жумладан, икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш каби масалалар кўриб чиқилган.
“Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Аҳмет Жемил Мироғлу Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчисига Туркиядаги дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилаган ва Истанбулдаги Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (ДЕИК) билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишга яқиндан кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Маълумот учун, 56 ёшли дипломат 2024 йил июль ойидан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети), Россия ташқи савдо академиясини, Мемфисдаги (АҚШ) Халқаро пахта мактабини тамомлаган.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ва хорижий ваколатхоналарда савдо-иқтисодий маслаҳатчи, Украинадаги элчи лавозимларида ишлаган.
2009 йилдан 15 йил давомида “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниясига (ҳозирги “Тўқимачилик ва тикув-трикотажсаноат” уюшмаси) раҳбарлик қилган. Шу билан бирга, 2021–2024 йилларда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси сифатида ишлаган.
Илҳом Ҳайдаров Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Алишер Агзамхўжаев ўрнига тайинланди. Алишер Агзамхўжаев 2017-2025 йилларда Ўзбекистоннинг Туркиядаги, 2018 йилдан эътиборан эса бир вақтнинг ўзида Болгариядаги элчиси бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Ирландияга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов (қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган) мазкур давлат Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги Протокол департаменти бошлиғи Ральф Викторийга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширганди.
LiveБарчаси