Ўзбекистон Туркиядаги офат зонасида 100 та турар жой контейнери ўрнатади
Жамият
−
29 Март 2023
5482Жорий йилнинг февраль ойида Туркияда бўлган вайронкор зилзилалардан сўнг Ўзбекистон кўрсатган хайрия кўмаги доирасида Ҳатай вилоятининг Антакя туманида ҳар бирига бир оила сиғадиган 100 та турар-жой контейнер иншооти ўрнатилмоқда. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, модулли уйлар ўрнатилишида Истанбулдаги ўзбек диаспораси томонидан 2016 йилда ташкил этилган Seyhun таълим ва маданият уюшмаси бевосита кўмак бермоқда. Зилзиладан кейинги дастлабки кунларданоқ уюшма ўзбек халқи кўмагида жабрланган ҳудудда иссиқ овқат тарқатишни ташкил қилган. Бундан ташқари, уюшма томонидан Овакентда ҳам 100 та контейнер ўрнатиш режалаштирилган.
Умумий майдони 21 метр квадрат бўлган уйнинг ичкарисида ошхона, ҳожатхона ва ҳаммом мавжуд. Контейнер турли мавсумий омилларга чидамли бўлишини ҳисобга олган ҳолда иссиқлик изоляцияси билан жиҳозланган. Уларни ўрнатишда 15 кишидан иборат жамоа ишламоқда.
Seyhun уюшмаси раҳбари Тоҳир Абдуллоҳнинг айтишича, зилзилалардан сўнг Ўзбекистон халқи катта ёрдам кўрсатган. У зилзиладан кейинги иккинчи кундан бошлаб уюшма ходимлари Элбистон вилоятига 17 кун давомида озиқ-овқат ёрдами кўрсатиб, ҳар куни 1000 кишини озиқ-овқат билан таъминлаган.
“Кейинроқ Туркия Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва олдини олиш бошқармаси кўрсатмаси билан Антакяга етиб келдик. Овакент ҳудудида 100 та контейнер ўрнатишни режалаштирганмиз. Айни пайтда 80 дан ортиқ контейнер ўрнатиш учун қурилиш материаллари мавжуд. Биз уларни ўрнатамиз. Контейнерларимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар мурват билан маҳкамланган, яъни истак бўлса йиғилиб, кўчирилиши мумкин бўлган тарзда ишлаб чиқилган”, деган Тоҳир Абдуллоҳ.
Абдуллоҳнинг айтишича, Оваеентда контейнер ўрнатиш ишлари 15 кун ичида якунланиши учун сайқалланмоқда. Шу ҳудудда асосан 1980 йилларда кўчиб келган ўзбек диаспораси вакиллари истиқомат қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жанубий-шарқий вилоятларида даҳшатли зилзилалар юз берганди. Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи табиий офат ўчоғи, яъни Ҳатай вилоятига жўнатилганди. Отряд иштирокидаги қутқарув операцияси 2 ҳафтадан кўпроқ давом этган ва шу вақт ичида қутқарувчи йигитлар вайроналар остидан 18 нафар тирик одам ва 200 га яқин жасадларни олиб чиққанди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь