Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ПА аъзоси бўлади – Акмал Саидов
Жамият
−
18 Февраль 2020
3984Ўзбекистон жорий йилда Туркий тилли давлатлар Парламентлар ассамблеясига қўшилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Тошкентда ўтаётган “Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимлик вакиллик органларининг ролини ошириш” мавзусидаги халқаро конференцияда айтиб ўтди.
"Парламент дипломатиясини ривожлантириш ҳар иккала палатамизнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда биз икки йўналишни кўряпмиз. Биринчидан, халқаро парламентлараро ташкилотлардаги фаолиятимизни кучайтирамиз. Мана эрта-индин бизнинг делегация европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламентаро ассамблеясида иштирок этишади. Бундан ташқари, Парламентаро иттифоқ фаолиятида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Парламентлараро ассамблеясида иштирок этамиз. Ўзбекистон парламенти Туркий тилли давлатлар парламентлараро ассамблеясининг ҳам тўла қонли аъзоси сифатида фаолият юрита бошлайди", дея Акмал Саидовнинг сўзларини келтирди QALAMPIR.UZ мухбири.
Акмал Саидов нутқи давомида 50 минг одамга фуқаролик бериш масаласи ҳам устувор вазифалардан эканини айтиб ўтди.
Маълумот учун, конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, вазирлик ва идоралар, суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссиялар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар, етакчи консалтинг компаниялари раҳбарлари иштирок этмоқда.
LiveБарчаси