Ўзбекистон товарларига Покистонда омбор ташкил этилиши мумкин

Олам

image

Ўзбекистон товарлари учун Покистон портида махсус омбор ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, Савдо-саноат палатаси ва Покистондаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамкорлигида тадбиркорлар делегациясининг Карачи портига расмий ташрифи амалга оширилган. 

Ташрифнинг асосий мақсади – ўзбек маҳсулотларини ва брэндларини халқаро бозорларга чиқаришда Карачи порти орқали экспорт имкониятларини кенгайтириш, логистика шароитларини яхшилаш ва янги ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишдан иборат бўлган.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси порт маъмурияти ва логистика компаниялари билан учрашиб, инфратузилма, божхона, транзит ва юк ташиш тартиблари бўйича аниқ маълумотлар олган. Порт раҳбарияти ўзбек маҳсулотларини қабул қилиш ва қайта юклаш учун барча шароитлар мавжудлигини таъкидлаган.

Музокараларда Ўзбекистон товарлари учун порт ҳудудида махсус омбор ташкил этиш таклифи илгари сурилган. 
Порт маъмурияти тўқимачилик, мева-сабзавот, чарм, кимё ва қурилиш материалларига юқори қизиқиш билдириб, уларнинг халқаро рақобатбардошлигини қайд этган.

Шунингдек, тадбиркорларга контейнер парки, рақамлаштирилган божхона ва юк кузатув тизимлари ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

“Карачи портига ташриф икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга Ўзбекистон товарлари учун янги экспорт йўлларини очишда муҳим қадам бўлди. Савдо-саноат палатаси бу йўналишда амалий ишлар бошланганини маълум қилди”, дейилади хабарда. 

Маълумот учун, Карачи порти Покистоннинг энг йирик денгиз порти ва Жанубий Осиёдаги асосий логистика маркази. У орқали миллионлаб тонна юк Европа, Америка, Осиё ва Африка бозорларига етказилади. Шу жиҳатдан порт Ўзбекистон учун муҳим стратегик аҳамиятга эга.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон Карачи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг