Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги вазиятга хавотир билдирди
Жамият
−
03 Октябрь
4358Ўзбекистон Республикаси Яқин Шарқдаги вазият шиддат билан кескинлашаётганидан чуқур хавотирдалигини билдиради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги сайтида баёнот эълон қилинди.
Баёнотда қайд этилишича, танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига ва бутун халқаро ҳамжамият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Биз қарама-қарши томонларни вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги муносабатида.
Билдирилишича, Ўзбекистон томони можарони халқаро нормалар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчиси қароргоҳига Судан армияси томонидан ҳужум уюштирилганига муносабат билдириб, бундай ҳужумни қабул қилиб бўлмас ҳолат деб атаган эди. Бундан ташқари, Аҳрор Бурҳонов Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётганини ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни доимий равишда кузатиб бораётганини маълум қилган эди.