Ўзбекистон ташқи қарзи ЯИМнинг 50 фоизигача кўпайтирилади (видео)

Жамият

Бошқариш илгарига нисбатан мураккаблашяпти  – Содиқ Сафоев north_east

Бошқариш илгарига нисбатан мураккаблашяпти – Содиқ Сафоев

Кеча, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Абдуқодир Тошқулов вазирликлар ва идоралар олинган ташқи қарзларни қай даражада самарали, мақсадли ишлатаётгани, бу қандай назорат қилинаётганига қизиқди.

Бош вазир ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоров охирги вақтларда давлат ташқи қарзи бўйича оммавий ахборот воситаларида кўплаб мақолалар чоп этилаёгани, кимлардир ўз фикрини билдираётганини айтиб ўтди ва бу мамлакатдаги очиқликнинг белгиси эканини таъкидлади. 

“Жорий йил якунлари бўйича давлат ташқи қарзи 1,5 баробар кўпайиши  кутиляпти. Бу йирик-йирик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, ташқи қарз шартномаларига имзо чекилиши, маблағларни жалб этилиши билан алоқадор.

Агар, рақамларга тўхталиб, йил бошига яхлитлаб айтадиган бўлсам, ташқи қарзимиз 9,9 млрд долларни ташкил этар эди. 2020 йил 1 январь ҳолатига келиб, 15 млрд долларга яқинлашиши кутиляпти. 2019 йил 1 октябрь ҳолатига ташқи қарзимиз 13,5 млрд АҚШ долларини ташкил қиляпти. Маблағлар қаердан келяпти деган саволга тўхталиб, йил боши ва йил охирини қарайдиган бўлсак, ташқи қарз манбалари таркибида сезиларли ўзгаришлар йўқ. Жами ташқи қарзнинг қарийб ярми халқаро молия ташкилотларидан олинган. Халқаро молия ташкилотлари асосан узоқ муддатли имтиёзли кредитлар беради. Халқаро молия ташкилотлари ичида энг катта кредиторимиз Осиё тараққиёт банки. Йил якунигача ОТБдан оладиган қарзимиз 3,6 млрд долларга етиши кутиляпти, бу ҳозирча прогноз. Жаҳон банкининг қарзи йил охиригача 2,7 млрд доллар атрофида бўлиши кутиляпти”, деди Молия вазири.

Шундан сўнг, Жамшид Қўчқоров ташқи қарз манбаларига мамлакатлар кесимида тўхталиб ўтди.

“Бизнинг мамлакатлар ичида энг катта кредиторимиз Хитой (йил бошидаги ташқи қарз миқдори 2 млрд доллар), кейингиси Япония (1,5 млрд доллар), Германия (334 млн доллар), Жанубий Корея (114 млн доллар) бўлиб, улардан кейинги ўринларда Франция, АҚШ, Қувайт, Саудия Арабистони, Испания ва Россия туради. Демак, мамлакатлар орасида иккита асосий кредиторимиз Хитой ва Япония.

Ташқи қарзнинг назорати ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчидан, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларимиз ҳозир жуда ҳам мўътадил даражада. Чунки жорий йилнинг якунлари билан ташқи қарзимиз ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан йигирма беш фоизни ташкил этади. 4-5 ой аввал Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан ташқи қарз бўйича стратегиямизни ишлаб чиқиш бўйича бирга ишладик. ХВЖнинг таъкидлашича, ташқи қарз миқдори ЯИМнинг 55 фоизигача бўлса, хавфсиз ҳисобланади. Биз 55 фоизмас, 50 фоизни олдимизга мақсад қилиб қўйдик, шундан келиб чиқиб, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам ҳар йили янгидан имзо чекиладиган ташқи қарз шартномалари миқдорини 4 млрд доллар билан чеклаб қўйдик”, деб таъкидлади Бош вазир ўринбосари.

У сўзида давом этиб, давлатнинг ташқи қарзлари билан ишловчи идораларга тўхталди. Қўчқоров Ташқи савдо ва инвестициялар, иқтисодиёт ва саноат, молия вазирликлари бу билан шуғулланишини ва вазирликларнинг соҳадаги самарадорлигини ошириш чиндан катта вазифа эканини таъкидлади. Бу бўйича ҳозир Президент фармони лойиҳаси тайёрланаётгани, унга биноан Бош вазир ҳузурида махсус кенгаш ёки ишчи гуруҳ ташкил этилиши, у ташқи қарз билан боғлиқ лойиҳаларнинг назорати билан шуғулланишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

қарз Жамшид Қўчқоров Сенат ялпи мажлис

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг