Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунини белгилади
Олам
−
30 Апрель
4215Кеча, 29 апрель куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрель кунини Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларидан 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилган.
Резолюция Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг зилзила қурбонларига ҳурмат кўрсатиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик зарурлигини эслатиш мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусига асосланган.
2023 йил 16 март куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Мирзиёев томонидан фавқулодда вазиятлар бўйича ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилганди.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни илк бор 2026 йил 29 апрель куни нишонланади. Бу сана 1966 йилда Тошкент шаҳрида содир бўлган вайронкор зилзиланинг 60 йиллиги муносабати билан белгиланган.
Қайд этилишича, резолюция БМТга аъзо давлатлар, БМТ тизимидаги муассасалар ва бошқа халқаро ташкилотларни Халқаро кунни нишонлашга, хусусан, аҳолини хабардорлигини ошириш, фавқулодда вазиятларга чидамлилик ва тайёргарликни кучайтиришга қаратилган ахборот-тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали кўмаклашишга чақиради.
“Ҳужжатнинг қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланди. Дунёнинг турли бурчакларида зилзилалар тез-тез содир бўлаётган шароитда ушбу ташаббуснинг долзарблиги алоҳида таъкидланмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 1966 йил 26 апрель тонгини бутун дунё яхши эслайди. Бу вақтда Тошкент вайронага айланганди. Зилзила бўлишидан аввал жуда кучли портлаш содир бўлди. Шаҳар чеккасида шафақ кўринди. Кейинроқ олимлар шафақ нима сабабдан келиб чиққанини айтишди. Зилзила ўчоғи 5-10 километр чуқурда жойлашган бўлган. Ер остида йиғилган тектоник кучланиш ер юзасига чиқиш вақтида электр энергиясига айланган ва Тошкент аҳолисига мана шу энергия шафақ бўлиб кўринган.
Шаҳардаги зилзила маркази “Қашқар” (Қошғар) маҳалласи ва “Лабзак” ўрнида бўлган. Ҳудудда вертикал зарблар кучининг магнитудаси 5,3 га тенг, силкиниш 8 баллдан зиёд, максимал вайроналик майдони 10-12 квадрат километрни ташкил қилган. Ернинг 2-3 герц частотада силкиниши 10-12 дақиқа давом этган. Шу йили 9 майдан 10 майга ўтар кечаси, 24 май ва 5 июнда (6-7 баллга тенг) кучли силкинишлар такрорланган.
Зилзила натижасида, 2 миллион метр квадратдан зиёд турар-жой майдони, 236 та маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва овқатланиш шохобчалари, 26 та коммунал хўжалик корхонаси, 180 га яқин ўқув юрти, 8 минг ўринли мактаблар, 36 та маданий-маиший муассасалар, 185 та тиббиёт ва 245 та саноат корхона бинолари жиддий талафот кўрган. 78 минг оила ёки 300 минг одам (ўшанда Тошкентда ярим миллион аҳоли истиқомат қилган) бошпанасиз қолган. Айрим манбалар зилзилада 8 киши ҳалок бўлиб, 150 га яқин киши жароҳатланган дейди. Айрим манбалар эса рақамлар анча жиддий кўринишда тус олганди, деб хабар беради.
Воқеа юз бериши билан ҳукумат барчасини назоратга олди. Тошкентга мингдан ортиқ чодир жойлаштирилди, 600 га яқин вақтинчалик озиқ-овқат дўконлари ташкил қилинди. Сув таъминоти узлуксиз ишлади. Бу билан ўз навбатида шаҳарда юзага келиши мумкин бўлган эпидемиянинг олди олинди. Энг қизиғи, манбалар шаҳарда ўша вақти талончилик ҳолати умуман кузатилмаган дейишади. СССРнинг барча давлатларидан Тошкентга турли кўринишдаги ёрдамлар кела бошлаган.
LiveБарчаси