Ўзбекистон соғлиқни сақлаш бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлди

Саломатлик

image

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими сифати бўйича халқаро рейтингда 49-ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Health Care Index 2026 Mid-Year” рейтингида келтирилган.

Рейтингда Ўзбекистон 101 та давлат орасида 64,4 балл билан Топ-50 таликдан жой олган. Мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори натижани қайд этган.

Қўшни давлатлардан Қозоғистон 60,7 балл билан 61-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон, шунингдек, МДҲ давлатлари орасида ҳам юқори натижа қайд этиб, Россия (60-ўрин), Қозоғистон ва Арманистон (62-ўрин)дан юқори кўрсаткич қайд этган. Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон мазкур рейтингда қайд этилмаган.

Соғлиқни сақлаш тизими бўйича энг юқори кўрсаткични Тайвань 87,1 балл билан қайд этиб, биринчи ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларда Жанубий Корея (83 балл), Япония (79,9 балл), Эквадор (78,2 балл) ва Нидерландия (77,6 балл) жой олган.

Рейтингда АҚШ 41-ўринни, Хитой 30-ўринни, Германия 25-ўринни, Буюк Британия 19-ўринни эгаллаган.

“Health Care Index” рейтинги тиббий хизматлар сифати, шифокорлар малакаси, тиббиёт муассасаларининг жиҳозланганлик даражаси, хизматлар нархи ва аҳоли учун қулайлик каби мезонлар асосида шакллантирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Марказий Осиёда яшаш нархи энг қиммат бўлган учинчи шаҳар бўлгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг