Ўзбекистон Россия билан Термизда ҳарбий машғулот ўтказади (видео)
Жамият
−
14 Июль 7732 1 дақиқа
Россиялик ҳарбий хизматчилар “Ҳамкорлик-2025” ўқув машғулотида иштирок этиш учун Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Россия армияси бўлинмалари ҳарбий ва махсус техникалардан иборат колонна таркибида “Термиз” полигонига марш амалга оширган. Улар Тожикистон ва Ўзбекистон тоғлари бўйлаб 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.
“Амалий ҳаракатлар давомида ҳарбий контингентлар давлат чегарасини бузган ноқонуний қуролли тузилмалар кичик гуруҳларини аниқлаш ва йўқ қилишда бўлинмаларга бошқарувни амалга оширишни машқ қилади”, дейилади хабарда.
Россия Федерацияси контингентининг асосий қисмини тоғ ва штурм бўлинмалари, радиоэлектрон кураш бўйича мобил гуруҳлар, разведка учувчисиз учиш аппаратлари ва FPV-дронлар ҳисоблари ташкил этади. Бундан ташқари, Ми-24 жанговар вертолётларидан иборат авиация гуруҳи экипажлари ҳам машғулотларда иштирок этади.
Маълум бўлишича, Россия-Ўзбекистон қўшма тактик ўқув-машғулоти “Ҳамкорлик-2025” “Термиз” полигонида жорий йилнинг 15-21 июль кунлари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Ҳиндистоннинг Пуна шаҳридаги “Аундҳ” халқаро машғулотлар базасида “Дўстлик – 2025” Ҳиндистон-Ўзбекистон қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтган эди.