Ўзбекистон президентлигига сайловолди ташвиқотлар қачондан бошланиши маълум бўлди
Жамият
−
05 Июнь 2023
5891Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тасдиқланган тўрт нафар номзодни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида рўйхатга олди. Сайловолди ташвиқотлари жорий йилнинг 7 июндан бошланиши белгиланди.
МСКнинг навбатдаги мажлисида Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Махмудовани ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевни Ўзбекистон президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш масаласи муҳокама этилган. Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жорий йилнинг 7 июнидан бошланиши қайд этилиб, қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини ишлаб чиққанди.