Ўзбекистон олимлари коронавирусга қарши помидор-вакцина етиштиришни бошлади
Жамият
−
27 Август 2021
9260Ўзбек олимлари коронавирусга қарши помидор яратди. Уни истеъмол қилганлар COVID-19 га қарши эмланган ҳисобланади. Бу ҳақда “Замон” информацион дастури хабар бермоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги геномика ва биоинформатика маркази олимлари COVID-19 га қарши вакцина сифатида истеъмол қилинадиган помидор ихтиро қилишди.
Айтилишича, ушбу помидор истеъмол қилинганда ошқозонда парчаланади ва натижада антиген ҳосил қилади.
Олимларнинг таъкидлашича, улар Ўзбекистонда учраётган коронавируснинг тож қисмини олиб ўсимлик ҳужайрасида текшириб кўришган ва ҳақиқатдан ҳам ундан вакцина ажралиб чиқаётганига гувоҳ бўлишган.
Маълум қилинишича, помидор юқори ҳароратда пиширилганда анти таначалар ҳосил қилувчи вакцина парчаланиб кетади.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, вакциналар яратиш бўйича яна бир лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
“Халқаро молекуляр аллергология маркази бор, ана уша ерда Вена университети билан ҳамкорликда яқин орада катта лойиҳага қўл урамиз. Қорамоллар коронавирусга қарши вакцина билан эмланса, унинг сутида иммуноглобулин А пайдо бўлади. Шундан сўнг, сутини пастеризация қилиб, қайнатмай ичилса, сутдаги иммуноглобулин А вирусга қарши курашади”, дейди вазир.
Маълумот ўрнида, Россия ва Канадада коронавирусга қарши вакцина сифатида сут ва жўҳори каби маҳсулотлардан фойдаланишмоқда. Уларнинг клиник синовлари ҳам якунига етган.
Олимнинг сўзларига кўра, агар биз қатиқ маҳсулотини истеъмол қилсак, у ошқозонимиз орқали ичакларга ўтади ва антитаначалар шимилиши натижасида коронавирусга қарши иммунитет ҳосил бўлади.
LiveБарчаси