Ўзбекистон охирги дақиқаларда 2 та гол ўтказиб юборди ва Коста-Рикага мағлуб бўлди
Спорт
−
27 Сентябрь 2022
5375Бугун, 27 сентябрь куни Жанубий Кореяда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Коста-Рикага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.
Ўйин тенг курашлар остида бошланди. Дастлабки 20 дақиқалик асосан майдон марказида кечди. 26-дақиқага келиб, Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Элдор Шомуродов ҳисобни очди. Майдон марказидан пастлатиб узатиб берилган тўпни Элдор қабул қилди ва икки ҳимоячини ортда қолдириб, дарвозабон билан бирга-бир чиқиб, зарба йўллашда адашмади. Баҳснинг 29-дақиқасида Элдорда яна бир қулай имконият бўлди, бироқ Шомуродов бу вазиятдан унумли фойдалана олмади. Коста-Рика ҳам ҳисобни тенглаштириш учун ҳаракат қилди, аммо бунинг учун уларда деярли имконият бўлгани йўқ.
Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида Элдор Шомуродовда яна бир қулай имконият бўлди. Бироқ ҳужумчининг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Коста-Рика футболчиларида гол киритиш учун қулай имконият 62-дақиқага келибгина содир бўлди. Ўзбекистонлик ҳимоячилар вазиятни бир амаллаб бартараф этди. Шундан сўнг, Сречко Катанец шогирдлари тўлиқ устунлик билан ҳаракат қила бошлади. 72-дақиқада Элдор Шомуродов ўз ўрнини Игорь Сергеевга бўшатиб берди. Охирги 10 дақиқани коста-рикалик футболчилар нисабтан устунликда ўтказди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Энтони Эрнандес ва Кендалл Уостон томонидан киритилган голлар Коста-Риканинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Ўзбекистон – Коста-Рика 1:0.
“Suwon World Cup” стадиони, Сувон.
Гол: 1:0 – Элдор Шомуродов (26), 1:1 – Энтони Эрнандес (90+2), 1:2 – Кендалл Уостон (90+4).
Ҳакамлар: Ким Даэ Йонг, Юн Жаэ Йол, Жанг Жонг Пил, Парк Се Жин (барчаси Жанубий Корея).
Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 15.Умар Эшмуродов, 23.Ҳусниддин Алиқулов, 13.Шерзод Насруллаев, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 7.Отабек Шукуров, 9.Одил Ҳамробеков, 17.Сардор Собирхўжаев, 19.Азиз Турғунбоев, 8.Ҳожимат Эркинов, 14.Элдор Шомуродов.
Коста-Рика: 18.Аарон Крус, 3.Хуан Пабло Варгас, 4.Кейшер Фуллер, 8.Брайан Овьедо, 11.Жохан Венегас, 14.Орландо Гало, 16.Арон Суарес, 19.Кендалл Уостон (сардор), 20.Брандон Агилера, 21.Карлос Мора, 24.Дуглас Лопес.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Кореядаги йиғин доирасида Камерун терма жамоаси билан ҳам тўқнаш келиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
LiveБарчаси